Миокрад инфаркти кўп одамларнинг ҳаётига зомин бўлади, юракдаги тузатиб бўлмас ўзгаришлар эса юрак хуружидан 20 дақиқа ўтибоқ пайдо бўлади. Шу боис жуда тезкорлик билан ҳаракат қилиш керак.

Инфаркт қаердан пайдо бўлади?

Миокард инфаркти — бу юрак тўқималари некрози (ҳалокати). У озиқлантирувчи артерияларнинг торайиши натижасида мушакларга кислород етишмаганда пайдо бўлади.

Ишемик касаллик инфарктга айланиши учун баъзан ҳеч қандай қўзғатувчи омиллар керак бўлмайди: шунчаки уйқудан уйғониб, каравотдан туришнинг ўзи етарли. Стресс ёки ноодатий жисмоний ҳаракатда юрак хуружи хавфи ошади.

Бу инфаркт эканини қандай тушуниш мумкин?

Асосий белги — кўкрак қафасидаги кучли оғриқ, бу баъзан чап қўл, чап елкада ҳам кузатилади. Оғриқ ҳар хил бўлади: кўкрак қафаси сиқилади, қизийди. Оғриқ билан бирга қўрқув ҳам қамраб олади, инсон тинчини йўқотади.

Инфаркт турига қараб фарқланувчи бошқа белгилар ҳам мавжуд:

  1. Худди астма касаллигида кузатилгани каби инсонга ҳаво етишмайди, бироқ нафасни енгиллаштирувчи препаратлардан беморнинг аҳволи яхшиланмайди;
  2. Одам заифлашади, рангпарлашади, қўл ва оёқлари музлайди;
  3. Аритмия ривожланади;
  4. Қорин оғрийди, кўнгил айниши кузатилади;
  5. Инсон мувозанатини йўқотади, ҳолсизланади, инсульт белгилари пайдо бўлади.

Юрак хуружи рўй бердими ёки йўқ - шифокорлар ЭКГ ёрдамида аниқлашлари мумкин.

Юрак хуружи бўлса, нима қилиш керак?

Ёнингиздаги одам ўзини ёмон ҳис қилса ва сиз касаллик белгиларини юрак хуружига ўхшатсангиз:

  1. Беморнинг бошини баланд кўтариб ётқизинг;
  2. Тез ёрдам чақиринг. Беморни имкон қадар тезроқ шифохонага етказиш керак;
  3. Ноқулай кийим тугмаларини ечинг;
  4. Деразани очинг ёки бошқа бир усул ёрдамида бемор ётган хонага тоза ҳаво киришини таъминланг;
  5. Беморнинг қон босимини ўлчанг. Агар қон босими баланд бўлса, беморнинг тили остига нитроглицерин қўйинг. Агар аҳволи яхшилана бошласа, 5 дақиқадан кейин иккинчи таблеткани беришингиз керак. Ёдингизда бўлсин - нитроглицеринни уч мартадан кўп бериш мумкин эмас; 
  6. Аспирин таблеткасини чайнашга беринг;
  7. Агар систолик (юқори) қон босими 110 мм'дан паст бўлса, ҳеч нима берманг;
  8. Беморни тинчлантиришга ҳаракат қилинг;
  9. Ёрдамга етиб келган шифокорларга хуруж қачон бошлангани, беморнинг нимадан шикоят қилгани, дори бердингизми, берган бўлсангиз, қанча - барчаси ҳақида маълумот беринг.

Юрак хуружидан қандай ҳимояланиш мумкин?

Юрак хуружи кўпроқ 50 ёшдан ошган кишиларда қайд этилади. Шунингдек оила аъзоларида юрак хуружи кузатилган ёш эркаклар ҳам хавф гуруҳидадир.

Бундан ташқари, чекиш, спиртли ичимлилар истеъмоли, юқори қон босими, ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш ва камҳаракат ҳаёт тарзи ҳам юрак билан боғлиқ жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Инсон кам ҳаракат қилса, охир-оқибат ҳар қандай жисмоний ҳаракат унга ортиқчалик қилиши мумкин.

Генетика, ёш ва жинс билан баҳслашиб бўлмайди, ҳаёт тарзимизни эса ўзимиз танлаймиз. Бу профилактиканинг жуда зерикарли рецепти бўлиши мумкин, лекин бошқалари иш бермайди!