Театр ва кино актёри, Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов бугун, 3 январь куни 80 ёшга тўлди.

Машҳур санъаткор 1938 йилнинг 3 январь куни Наманганда таваллуд топган. Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатгандан сўнг, 1958 йилдан бери Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри актёри, 1992 йилдан эса шу театрнинг директори лавозимида фаолият кўрсатди.

Ё.Аҳмедов узоқ йиллар шу ижодий жамоада ишлаш жараёнида 50 дан ортиқ спектаклларда асосий ролларни ўйнади. Дастлаб Уйғуннинг «Парвона» асари асосида саҳналаштирилган спектаклда Муроджон ролини ўйнаган актёр - бу биринчи ва мустақил роли устида тинимсиз меҳнат қилди, изланди. У ролдан-ролга ўсиб, кейинчалик қатор ажойиб образлар яратди.

Ёқуб Аҳмедовни кенг санъат мухлисларига танитган илк образ - бу Туроб Тўла ссенарийси асосида, режиссёр Й.Аъзамов томонидан 1958 йилда суратга олинган «Фурқат» фильмидаги Фурқат образи бўлди. Шундан кейин Ё. Аҳмедов кинода 30 га яқин образ яратиб, ўзбек кино санъатида ҳам ўз ўрнига эга бўлди. У яратган Окхой («Ганга қизи»), Азизбек («Ўтган кунлар»), Амир Олимхон («Қора консулнинг ҳалокати»), Шайх («Ҳамза»), Султонали («Меҳробдан чаён») ва бошқа образларни алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Шунингдек, Ёқуб Аҳмедов «Ўзбекфильм» киностудиясида дубляж қилинган 400 дан ортиқ фильмга овоз берди. Таниқли санъаткор «Алишер Навоий», «Улуғбек хазинаси», «Диёнат», «Гирдоб», «Ичкуёв» ва бошқа видеофильмларда ҳам етакчи ролларни ижро этди.

Ёқуб Аҳмедовнинг сермаҳсул ижоди «Ўзбекистон халқ артисти» унвони, 1977 йилда Давлат мукофоти билан тақдирланган. 1997 йилда «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.