21:38 / 27.11.2020
25492
Яккасарой “паспорт столи” ходими ишдан олинди. Қочқиндаги фуқарони қидириш тезлаштирилади

Kun.uz'да афғонистонлик инвесторнинг тергов ишларидан норози бўлаётгани ҳақида мақола эълон қилингач, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Азиз Тошпўлатов афғонистонлик инвестор ва унинг адвокати билан учрашиб, суҳбатлашган.

Шаҳар ИИББ бошлиғининг ўринбосари Зафар Алимовнинг айтишича, Яккасарой тумани “паспорт столи” ходими Акмал Атахановнинг фаолияти юзасидан қайта хизмат текшируви ўтказилиб, натижасига кўра у эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ва ички ишлар тизимидан бўшатилган.

«Kun.uz'да чиққан мақоладан сўнг раҳбаримиз Азиз Анварович Сафо Исмоил ва унинг ҳимоячисини чақириб гаплашдилар. Суҳбат жараёнида афғонистонлик инвесторнинг барча важлари ёзиб олинди. Сафо Исмоил ички ишлар органи ходими, Яккасарой тумани паспорт бўлимида хизмат қилган Акмал Атахановнинг шу ишга алоқадорлик ҳолатларининг барчасини айтиб ўтди. 2019 йилда вазирлик томонидан бу бўйича хизмат текшируви ўтказилгани аниқланди, лекин кўп ҳолатларимиз охиригача текширилмагани сабабли қайтадан хизмат текшируви ўтказилди ва ҳозирда Акмал Атаханов ички ишлар органларидан бўшатилган.

Унинг Фахриддин Хушвақтов билан биргаликда Исмоил Сафо билан олди-бердига аралашган ёки аралашмаганига жиноят ишини тергов қилаётган прокуратура органи томонидан баҳо берилади. Ҳозирда биз Акмал Атаханов ушбу ишга алоқадор ёки алоқадор эмас деб қатъий айтолмаймиз.

Исмоил Сафонинг пулларини ноқонуний тарзда эгаллаган Фахриддин Хушвақтовга нисбатан эълон қилинган қидирув юзасидан махсус ходимлар ажратилган. Ҳозирги вақтда уни ушлаш бўйича барча чоралар амалга оширилмоқда. Бу иш Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи томонидан шахсан назоратга олинган», дея Зафар Алимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Зафар Алимов

26 ноябрь куни Ўзбекистон давлат консерваториясида бўлиб ўтган оммавий қабулда Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев Исмоил Сафони қабул қилиб, Фахриддин Хушвақтовга нисбатан эълон қилинган қидирувни жадаллаштириш чоралари кўрилишини маълум қилди.

Баҳриддин Валиев

«Қидирув ишларини жадаллаштириш бўйича барча чораларни кўрамиз. [Kun.uz’да эълон қилинган мақола] яқинда ижтимоий тармоқдаям чиқди. Унгаям [муносабат билдириш бўйича] топшириқлар берган эдим. Исботловчи далиллар бўлса буни исботлай оламиз. Айбсизлик презумпцияси деган нарсалар бор. Ҳамма нарсанинг икки томони бор. Биз шоша-пиша кимнидир қамоққа ололмаймиз. Бунинг учун [уларнинг жиноят ишига алоқадорлигини] исботлашимиз керак.

Мен Исмоил Сафони шахсан танийман, олдин ҳам қабул қилганман. Фирибгарларни топиш, улар томонидан алдов йўли билан ўзлаштирилган пулларни қайтариш учун қўлимиздан келган барча чораларни кўрамиз. Фақат бугун оммавий қабул, Исмоил Сафонинг ишига оид ҳужжатлар ёнимда эмас. Ишга оид бошқа важлар бўлса, марҳамат, идорага боринглар. “Дело”ни столга қўйиб гаплашамиз», деб айтган Баҳриддин Валиев.

Исмоил Сафо

Умид қиламизки, мутасадди идоралар тергов ва тезкор қидирув ишларининг қонунийлигига ҳам ҳуқуқий баҳо беришади, яққол жиноят белгилари бўла туриб, жиноят иши қўзғатилмай пайсалга солингани, иш қўзғатилгандан кейин ҳам айбдор шахсларга нисбатан ўз вақтида чора кўрилмагани сабаблари очиқланади.

Эслатиб ўтамиз, журналистик суриштирув давомида жавобсиз қолган саволлар ва аниқлик киритилиши лозим бўлган ҳолатлар бўйича ўрганишларимизни давом эттирмоқдамиз. Тез кунда бу борада янги тафсилотлар жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилинади.

Жамшид Ниёзов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Top