00:13 / 04.05.2018
54382
Ўзбекистонда ОАВ: маълум бир чегарага эга мухбирлар

Аввал хабар қилганимиздек, 25 апрель куни «Чегара билмас мухбирлар» (RSF) нодавлат ташкилоти томонидан 2018 йилги жаҳон матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон ўз ўрнини 4 пунктга яхшилаб, 165-ўринга чиқиб олди. 2017 йилда республикамиз 169-ўринга жойлаштирилган эди.

Ўзбекистонни рўйхатда кўтарилишида ташкилот бир қатор сиёсий маҳбус-журналистларнинг озод этилиши, илгари ОАВга нисбатан Human Right Watch ва Freedom House каби ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан қайд этиб келинган босимларнинг юмшатилишини ҳисобга олган, албатта.

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистонда ОАВ «ҳамон етарли тарзда назорат остига олинган, бошқа мустақил янгиликлар сайтлари блокланган, икки нафар журналист 2017 йилда ҳибсга олинган».

Ҳисоботни тайёрлашда «Чегара билмас мухбирлар» ННТ қуйидаги кўрсаткичларни инобатга олади:

  • плюрализм;
  • ОАВларнинг мустақиллиги;
  • теварак-атроф ва ўзини ўзи цензура қилиш;
  • қонунчилик;
  • шаффофлик;
  • инфратузилма. 

Биздаги ОАВ ҳақида сўз оча туриб ва уларни Бутун жаҳон матбуот эркинлиги куни билан табриклаб, қуйидаги жиҳатларга эътиборни қаратишни лозим деб топдик.

Дарҳақиқат, давлат идоралари ва ОАВ ўртасида узилиш жуда катта. Масалан, кеча Ўзбекистон Республикаси президенти Наманган вилоятига ташрифни амалга оширди.

Барча оммавий ахборот воситаларида ягона ва стандарт янгиликнинг манбаси битта жойдан —Ўзбекистон Республикаси президентининг матбуот хизматидан олинди.

Гарчи янгиликлар истеъмолчиларининг аксариятига президент Наманганга нима учун бораётгани, у ерда қандай масалалар ҳал этилиши ва ҳ.к.лар жуда қизиқ. Лекин бу ахборотлар қаердан олиниши керак? Натижада турли миш-мишлар тарқалмоқда: вилоят ҳокими бошқа вазифага тайинланар экан, у қайсидир вазирликка келар экан, фалон туманнинг ҳокими ишдан олинар экан ва ҳ.к.

Умумий қилиб айтганда, қандайдир прогнозлаш, таҳлил қилиш ёки бўлмасам, янгиликлар лентасида хилма хиллик йўқ.

Яна бир ажабланарли жиҳат, Ўзбекистон президенти Бухоро ва Навоий вилоятларида бўлиб турганида барча миллий нашрлар батафсил маълумотларни Россия матбуотидан олиб турди.

Хусусан, Россия нефтининг Ўзбекистонга етказилиши, республикамиз ҳудудида атом электр станцияси (АЭС) қурилиши ҳақидаги янгиликлар ҳам дастлаб Россия ОАВида пайдо бўлди.

Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари олдидаги чиқишини Туркия президенти матбуот хизматининг Твиттердаги расмий аккаунтидан томоша қилдик.

Мухтасар қилиб айтганда, маҳаллий журналистларимиз Ўзбекистонда бўлаётган воқеалар ҳақида хорижий манбалардан ахборот ахтаришига бундай мисоллар жуда кўп.

Эҳтимол, ҳукуматда маҳаллий мустақил ОАВга нисбатан ишонч пайдо бўлса ва улар жипс ҳамкорликка жалб этила бошланса, бундай ҳолатларга барҳам берилар.

Top