12:50 / 03.12.2019
2
22315
Ўзбекистонда янги кодекс ишлаб чиқилади

2020 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастури лойиҳаси эълон қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг муҳокама учун эълон қилинган тегишли қарори лойиҳасига кўра, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс ишлаб чиқилади. Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси президентининг “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 4 октябрдаги ПҚ–4473-сон қарорининг 8-бандида белгиланган.

Қайд этилишича, кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва шаклланган миллий ҳуқуқни қўллаш амалиёти асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунчиликни кодлаштириш ва тизимлаштиришга йўналтирилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича масъул ижрочилар - Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, ЎзННТМА, манфаатдор вазирлик ва идоралар. 

Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш муддати - 2020 йил 1 февраль, Қонунчилик палатасига киритишнинг тахминий муддати - 2020 йил 1 март.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top