01:53 / 04.05.2018
60598
Тельман Гдлян — жиноятчи ва ўз қилмишлари учун жавобгарликка тортилиши керак

2018 йилнинг 16 апрель куни россиялик тележурналист Сергей Медведев ўзининг «Загадки века…» («Аср жумбоқлари…») дастурида «Пахта иши» ҳақида сўз юритди. Унда ўзбек халқига нисбатан жинояткорона хатти-ҳаракатларнинг бош айбдори Тельман Гдлянга сўз берилди ва қайд этиш керакки, у ўзининг асл башарасини намоён этди.

Ўз вақтида, совет ОАВларидаги чиқишларда «Пахта иши» Кремлдаги қариб-қартайиб мияси суюлган эски партиячи чолларнинг оддий бир хатоси сифатида тан олинган эди. Лекин бу шунчаки маъмурий хато эдими? Бунга жавобни пахта ва шунга ўхшаш ишлардан сўнг СССРда рўй берган сиёсий таназзулни таҳлил қилиб олиш мумкин. Моҳиятан бу СССРдан ажралиб чиқиши таҳдиди бўлган ҳудудларда онгли равишда «бошқарилувчи бошбошдоқлик» яратиш учун фойдаланилган сиёсий технологиянинг натижаси эди.

1983 йилдан 1989 йилгача — олти йил мобайнида СССР прокуратурасининг Гдлян бошчилик тергов гуруҳи Ўзбекистонда бўлиб, ўзбек халқини террор қилиб, юзлаб ҳужжатларни қалбакилаштириб, қамоқхоналарда ноқонуний ўтирганларнинг ҳеч қандай айби бўлмаган ёш фарзандлари ва рафиқаларини ҳам ҳибсга олишган. Тергов остидагиларни ўз жонига қасд қилиш даражасигача етказиш ҳолатлари ҳам бўлган.

Тельман Хоренович Гдлян ва Николай Иванов
Фото: kp.ru 

Лекин адолат қарор топди. В.И.Илюхин бошчилик тергов гуруҳи Ўзбекистон қишлоқларида меҳнат қилувчи меҳнаткашларга нисбатан сохта тарзда уюштирилган жиноят ишларини тергов қилишда Т.Гдлян гуруҳи томонидан содир этилган қўпол қонунбузарликлар фактини исботлади.

Гдлянчилар гуруҳи терговчилари томонидан фуқароларни пора тариқасида олинган бойликларни сақлашда иштирок этишда ёлғон гувоҳлик беришга мажбурлаш йўли билан сунъий далиллар тўплаш фактлари ўз исботини топди. «Далил» тўплашда иш шунга бориб етганки, жиноятларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган инсонлар ўз яқинларини асраб қолиш учун ўзларининг шахсий омонатлари, болалари ва невараларининг тўйига атаб олиб қўйилган тилла ва бошқа тақинчоқларни топширишган, қариндошлари ва танишларидан қарз олишган. Шунингдек, одамлар қамалмаслик учун пул тўплаб, дўконлардан қимматбаҳо нарсалар сотиб олиб, уларни гўёки жиноят йўли билан орттирилган бойлик сифатида топширишгани ҳам аниқланган. Бундай «мусодара»лар ўшанда бутун Ўзбекистон бўйлаб юз берган. Т.Гдлян шахсан ўзи одамларни таҳдид, шантаж, ноқонуний ушлаш, қамоққа олиш ва таҳқирлаш воситасида кўрсатма беришга мажбурлаб, терговнинг ноқонуний усулларини амалиётга жорий этган.

1989 йилнинг 25 майида Москвада СССР бош прокуратураси томонидан Т.Гдлян бошчилик тергов гуруҳи томонидан йўл қўйилган қонунбузарлик ҳолатлари фактлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Унинг ўзини тергов ҳаракатларини амалга оширишда коррупция ва бошқа қоидабузарликларда айблашган.

Расмий ҳужжатлардан кўчирмалар гдлянчилар гуруҳининг Ўзбекистон ҳудудида жиноий фаолиятини тасдиқлайди:

1. Ўзбекистонда ишларни тергов этишда шахсан Т.Гдлян ва тергов гуруҳи томонидан тизимли равишда қонуннинг қўпол бузилиши, оммавий зўравонликка, шунингдек, Ўзбекистон халқининг ор-номуси ва қадр-қийматини таҳқирлаш ҳолларига йўл қўйилган.

2. Жиноят-процессуал нормалар талаблари, СССР бош прокурори буйруқлари эътиборга олинмаган, бу эса оғир оқибатларга, айбсиз фуқароларнинг ноқонуний ушланиши ва ҳибсга олиниши, уларни конституцион ҳуқуқларда ғайриқонуний тарзда чеклаш, жиноий жавобгарликка асоссиз равишда тортишга олиб келган.

В.И.Илюхиннинг тергов гуруҳи СССР Олий кенгаши олдига Т.Гдлян ва унинг «ҳамтовоқлари»ни жиноий жавобгарликка тортиш масаласини кўндаланг қўйган, Т.Гдлянга нисбатан ишлар судга юборилган. Гап шундаки, ўша вақт у СССР Олий кенгашида ва бир вақтнинг ўзида Арманистонда депутат саналарди. Шу муносабат билан, депутатни жиноий жавобгарликка тортиш учун парламентнинг рухсати керак бўларди, бироқ СССР Олий кенгаши В.И.Илюхиннинг тергов гуруҳи талабини рад этган. Олий кенгаш Т.Гдлянни прокуратура органларидан ишдан олинишига розилик берган, холос, лекин уни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат тақдим этмаган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бир неча бор Гдлян ва Ивановга нисбатан уларнинг Ўзбекистон ҳудудида содир этган жиноятлари бўйича жиноий иш материалларини жўнатишни сўраб мурожаат қилган, лекин хатларнинг барчаси жавобсиз қолиб кетаверган.

Юқоридаги принципларга асосланиб, Тельман Гдлянни Ўзбекистон ҳудудида ўзбек халқига қарши содир этилган жиноятларнинг бош ижрочиси сифатида жиноий жавобгарликка тортишни талаб этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси прокуратураси Т.Гдлянга нисбатан очиқ айблов эълон қилиб, жиноят иши қўзғатиши лозим.

Шунингдек, ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Тоштемир Қаҳрамонов томонидан бошлаб берилган Ҳаага Халқаро Судига мурожаат қилиш жараёнини қайта тиклаш ва Интерпол бюроси орқали Гдлян ва Ивановнинг гуруҳида қатнашган барча айбдор шахслар экстрадиция қилинишига эришиш керак. Бунинг учун асосли сабаблар ҳамда жиноятчиларнинг исботланган айблари бор. Воқеаларнинг айрим гувоҳлари ва жабрланувчилар ҳамон ҳаёт. Гдлян жиноятларнинг айбсиз қурбонлари ҳам, уларнинг қариндошлари ва яқинлари тарихий адолат тикланишидан орзуманд!

Шуҳрат Саломов, тарихчи-публицист.

Маҳмуд Йўлдошев, психология фанлари доктори.

Олломурод Исоқулов, пенсионер, Қашқадарё вилоят ИИБ сиёсий бўлими собиқ бошлиғи.

Шокир Долимов, захирадаги подполковник.

Акбар Мирзо, ёзувчи.

ЎзА дан олинди 

 

Top