12:23 / 09.09.2020
4610
Коррупцияни енгишда Европага ҳавас қиламиз, лекин қонунларга уларчалик амал қиламизми?

Аслида ҳалоллик ва ростгўйлик соддадил ўзбек миллатининг тарихий ҳамда маънавий жиҳатларига хос бўлган азалий фазилатлардир. Хоҳ деҳқон, хоҳ зиёли оиласи бўлсин, фарзандини ёлғон гапирмасликка, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмасликка ўргатади.

Лекин шахс улғайиб жамият ва давлат билан турли муносабатларга киришишни бошлагач турли сохта тўсиқ, қийинчилик, маҳорат билан қонунни четлаб ўтиш, фирибгарлик, порахўрлик, тамагирлик каби ҳолатларга дуч келади ёхуд шундай ҳолатнинг гувоҳи бўлади.

Табиийки, ҳар бир инсон яхши ва тўла-тўкис яшашни хоҳлайди, шунга интилади. Кимдир бойиб кетиш орқали “бахт”га эришмоқчи бўлса, яна биров “мансаб” орқали ёки ҳаром луқма еб унга эришаман деб ўйлайди.

Порахўрлик ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди, унинг ижтимоий ва иқтисодий омиллари талайгина.

Биздаги ижтимоий омиллардан бири бу – менталитетимизга хос бўлган ҳожатбарорлик хислати, яъни биз яқинларимиз, дўсту-танишларимизга “йўқ” дейишга ийманамиз, истиҳола қиламиз. Гоҳида қилинган илтимосни ноқонунийлигини билсакда, ҳатто уни бажармасакда, “хўп”, “мен ҳаракат қиламан” деб индамай кетаверамиз.

Ҳар бир давлат коррупцияга қарши курашишда ўзига хос усул ва услублардан фойдаланади, сабаби жамиятнинг коррупцияни қабул қилиш, ҳуқуқий негилизм, қонунга итоаткорлик даражалари турлича бўлади.

Кўпчилигимиз Европага ҳавас қиламиз, у ердаги давлат органларининг фаолиятини маълум қадар илғор деб биламиз. Лекин унинг энг асосий сабаби мукаммал қонунлар ёки ривожланган технологиялар эмас, балки инсон омилидир.

Оддий қилиб тушунтирганда, Европа давлатлари аэропортларидаги навбат билан МДҲ давлатларидаги навбатни солиштириб кўринг...

Ёки бўлмаса, ўзимизда навбат асосида бирон нарса сотилаётган ёки хизмат кўрсатилаётган (давлат хизматлари шохобчалари, ЙҲХБ давлат рақамини олиш ва ҳ.к.) вазиятни кўз олдингизга келтиринг, ичингизда неча фоиз инсон мазкур навбатни четлаб ўтиб мақсадига тезроқ эришишни хоҳламайди?

Қачон бизда йўлни белгиланган жойда кесиб ўтиш, навбатимиз келишини сабр билан кутиш, жаримани ёки электр ҳисоблагич кўрсатган суммани камайтириш учун кимгадир унинг ярмини таклиф қилмаслик ҳаёт тарзига айланади? Наҳотки муайян жазо таҳдиди билангина қонунбузарликка қарши курашиш мумкин бўлса?

Коррупция фақатгина қонунга итоаткор жамиятда ривожлана олмайди, чунки ҳар қандай “амалдор”ни ўша жамият тарбиялайди ва назорат қилади.

Албатта, бу иллатга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кенг кўламли чоралар кўрилмоқда.

Шу жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш Департаменти томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, ўтган даврда Департамент коррупцияга билан боғлиқ 2 335 та жиноят фош этилиб, бюджет, давлат ва жамият манфаатларига 643,6 млрд сўмлик зарар етказилиши, 620 нафар тадбиркорлик субъектларидан пора талаб қилиш, 175 та ҳолатда пора эвазига ишга киритиб қўйиш ҳамда 173 та ҳолатда 524,4 гектар ер майдони ажратиб беришда таъмагирлик ҳолатларини аниқлаган.

Энг ачинарлиси, коррупцияга билан боғлиқ жиноятларнинг 591 таси ‒ таълим, 426 таси ‒ давлат бошқарув тизимида, 247 таси ‒ ер ажратиш ва қишлоқ хўжалиги, 252 таси ‒ соғлиқни сақлаш, 162 таси ‒ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда, 202 таси ‒ транспорт, ёқилғи-энергетика, 208 таси ‒ банк, 247 таси ‒ қурилиш, уй-жой ва бошқа соҳаларда аниқланган.

Жиноятга қўл урганларнинг 1 002 таси ‒ туман, 281 таси ‒ вилоят ва 67 таси ‒ республика миқёсидаги мансабдор шахсларни ташкил этган, шундан 16,6 фоизи (389 та) ташкилот раҳбари, 37 фоизи (864 та) раҳбар ўринбосари ва бўлим бошлиғи ҳамда 46,3 фоизи (1 082 та) ижрочи ходимлар ҳиссасига тўғри келади.

Лекин, бу чоралар мазкур иллатни буткул йўқ қилишга етарли бўлмаяпти.

Биз биринчи навбатда кадрларни эмас балки мансабдор шахсларнинг амалидан фойдаланувчиларни “тарбиялашимиз” керак. Зеро, хар бир давлат хизматчиси қонун талабларини, касб одобномаси, ички тартиб қоидаларни яхши билади ва билиши шарт.

Ҳар қандай мансабдор шахс коррупцион ҳолат, яъни қонун-қоидаларга зид илтимослар, кимгадир ён босиш, қайсидир масалани тезроқ ҳал қилиш, пул ёки бошқача манфаат кўриш таклифи ҳақида юқори турувчи раҳбариятни ёки ваколатли давлат органини хабардор қилиши шартлиги Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонунининг 26-моддасида кўрсатилган.

Лекин қонуннинг мазкур нормаси амалда тўлақонли ишлаяптими?

Амалиёт коррупцияни келтириб чиқарувчи мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, уруғ-аймоқчилик ва таниш-билишчилик каби омилларни бартараф этиш учун ностандарт ёндашувлардан фойдаланишни тақозо этмоқда.

Мисол учун, давлат хизмати фаолиятининг барча соҳаларида “Виждон дафтари” (Илтимосларни қайд этиш китоби) институтини жорий этиш масаласини муҳокамага ташламоқчимиз.

Албатта, барчада бир савол туғилади, мансабдор “илтимосни” дафтарда қайд этмасачи ёки мурожаат мазмунини ўзгартириб ёзиб қўйсачи?.. деган. Ушбу ҳолат “сирли қўнғироқ” ёки “сирли мижоз” ёрдамида назорат қилиб борилади. Яъни вақти-вақти билан “уюштирилган” қўнғироқ (мурожаат)нинг китобда қайд қилинган-қилинмаганлиги текширилади.

Албатта, бу институтни жорий этиш қонунчиликка тегишли тузатишлар киритишни ҳам талаб этади. Бунда ходимнинг дафтар юритиш тўғрисидаги мажбурияти меҳнат (хизмат) шартномасида кўрсатилиши шарт бўлади.

Ходим мурожаатни дафтарга қайд этмаганлиги учун унга йил давомида икки маротаба имконият берилади, учинчи ҳолат уни “касбига доғ туширганлиги” сабабли ишдан бўшатишга ва 5 йил давомида давлат хизматида ишлай олмаслигига сабаб бўлиши лозим.

Дафтарга ходим ҳар қандай илтимос ва мурожаатларни қайд этиб бориши зарур (қонуний, ноқонуний, ваколати доирасига кирадиган, кирмайдиган, маслаҳатлар ва ҳ.к.).

Мазкур амалиёт, авваламбор, давлат хизматчисини назорат ёки таъқиб қилишга эмас, балки унга қўнғироқ қиладиган қариндош, таниш-билишларни турли “илтимослар” билан мурожаат қилишдан тийиб туришга хизмат қилади. Чунки ўз яқинининг тақдирига бефарқ бўлмаган инсон ҳеч қачон ишини битириш учун таваккал қилмаса керак.

Мазкур талаб лавозимидан қатъи назар барча даражадаги давлат хизматчилари учун мажбурий бўлиши керак. Дафтарда мурожаатнинг ҳар қандай тури қайд этиб борилади (бевосита ўзига қўнғироқ ёки жонли мулоқот, шунингдек қариндошлари, турмуш ўртоғи орқали, фарзандлари орқали қилинган мурожаат, илтимослар).

Таклиф этилаётган институт илғор хорижий давлатларда мавжуд, бўлмаслиги мумкин. Бироқ “давлат хизматчиси этикаси” кодекслари қабул қилинган бўлиб, шунга ўхшаш нормаларни тартибга солади.

Маълумот ўрнида баъзи хорижий давлатлар тажрибасини қайд этиб ўтмоқчимиз.

Масалан, Сингапурда давлат хизматчиларининг коррупцион ҳолатлар ҳақида хабар бериши қонун ҳужжатларида ҳам амалиётда ҳам мустаҳкамланган. Уларга ҳаттоки таннархи арзимаган майда совғаларни (сувенир, эсдалик ва ҳ.к.) олиш мумкин эмас. Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар йили даромадлар декларациясини тақдим этади, шубҳа остига олинган даромадлар юзасидан суриштирув ўтказилади.

Яна бир коррупция авж олганлик кўрсаткичи паст бўлган Швеция давлатида эса “даромадлар декларацияси” институти мавжуд эмас, аммо солиқ хизматида барча фуқароларнинг даромадлари ва харажатлари ҳақида тўлиқ маълумотлар мавжуд ҳамда унинг шаффофлиги таъминланган. Яъни ҳеч ким даромадидан яшириб бировга “пора” бера олмайди... чунки даромадини нимага ва қанча ишлатгани ҳисоб-китоб қилинади.

Бош прокуратура ҳузуридаги  
Департамент бошлиғининг биринчи ўринбосари
Умиджон Муҳамедов

Top