17:33 / 19.12.2020
3609
Олий суд пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда 4та қарор лойиҳаси кўриб чиқилди

2020 йил 19 декабр куни Олий суд пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мажлисда Олий суд пленумининг “Жиноят сабаблари ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш бўйича судлар ролини ошириш тўғрисида”, “Суд томонидан фуқаролик ишлари бўйича далиллар ва исботлашга оид қонун нормаларини қўллаш амалиёти тўғрисида” ва “Иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги қарорлари лойиҳаси муҳокама қилинди.

“Жиноят сабаблари ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш бўйича судлар ролини ошириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси судлар томонидан жиноятларнинг олдини олиш чораларига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларининг тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

Жиноят-процессуал кодексининг 296-моддасига мувофиқ суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят иши бўйича иш юритишда жиноят сабабларини ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлашлари шарт бўлиб, бу жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган фаолият самарадорлигини жиддий тарзда ошириш воситаси ҳисобланади.

Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш масаласини ҳал қилиш чоғида, судлар суриштирув ёки дастлабки тергов органи томонидан процессуал қонун талаблари, шу жумладан, жиноят сабаблари ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлашга доир талаблари бажарилган-бажарилмаганлигини синчковлик билан текширишлари зарур. Қонуннинг бу талаби бажарилмаган бўлса, суд бундай ҳолатлар аниқланишини таъминловчи чоралар кўриши шарт.

Қонунга кўра, суд жиноят содир этилишига имкон берган ҳолатларга тааллуқли фактик маълумотларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқишга мажбур. Шу мақсадда, зарурат бўлганда, суд мажлисига қўшимча гувоҳларни чақириш, бошқа далилларни талаб қилиб олиш лозим. Ишлаб чиқариш технологияси бузилганлиги, механизмлар техник ҳолати ва ҳ. к. билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш учун суд мутахассислар ёрдамидан фойдаланишга, зарурат туғилганда, экспертиза ўтказишга ҳақли.

Агар суд муҳокамаси давомида қонун бузилганлиги ёки мансабдор шахслар томонидан хизмат вазифалари виждонан бажарилмаганлиги, шунингдек, фуқароларнинг ишлаб чиқаришда ёки турмушда ноўрин хулқ-атвори, улар томонидан ижтимоий бурч бузилганлиги билан боғлиқ ҳолатлар аниқланса, суд мазкур шахсларни суд мажлисида гувоҳ тариқасида сўроқ қилишга ҳақли.

Пленум қарори лойиҳасига кўра, судлар жиноятлар профилактикасига оид фаолиятида суд процессида жамоатчилик иштироки самарадорлигини оширишга қаратилган чоралар кўриши зарур.

Суд муҳокамасида жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси иштирок этишига рухсат бериш тўғрисидаги масала жамоат ташкилоти ёки меҳнат жамоаси илтимосномасига кўра, судянинг ажрими билан ҳал қилинади. Бунда жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси ваколатли орган томонидан юборилганлиги, унинг ваколатлари тегишли тартибда тасдиқланганлиги, муайян шахснинг суд муҳокамасида иштирок этишига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар (кўриб чиқилаётган ишда жабрланувчи, гувоҳ, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар сифатида иштирок этиши, иш натижасидан шахсан манфаатдорлиги ва ҳ.к.) бор-йўқлиги текширилиши керак.

Жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси жамоат ташкилоти умумий йиғилиши ёки унинг сайланадиган органи томонидан, корхона, муассаса, ташкилот меҳнат жамоасининг ёки унинг ташкилий бўлинмаси (бирлашманинг ишлаб чиқариш бирлиги, цех ва ҳ.к.) умумий йиғилиши томонидан кўрсатилиши мумкин. Жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячисини корхона ёки муассаса маъмурияти илтимосномасига кўра ишда иштирок этишига рухсат бериш қонунга асосланмаган. Бир жамоат ташкилоти ёки меҳнат жамоасидан айнан бир судланувчига нисбатан жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси иштирок этишига йўл қўйилмайди, чунки бундай ҳолларда жамоатчиликнинг ҳаққоний фикри ифода этилмайди. Ишни судда кўриш учун тайинлангандан сўнг, ишда иштирок этишга рухсат этилган жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячисига, унинг илтимосига кўра, иш материаллари билан танишиш ва зарур маълумотларни ёзиб олиш имконияти берилиши, суд мажлисининг тайёрлов қисмида эса процессуал ҳуқуқлари тушунтирилиши лозим.

Пленум қарорининг қабул қилиниши жиноятларнинг олдини олиш ҳамда уларга чек қўйиш, шунингдек, улар содир этилиши сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш имконини беради. Суд процессида жамоатчилик вакилларининг иштирок этиш тартиб-тамойилларига янада ойдинлик киритади.  

Янги Фуқаролик процессуал кодекси амалга киритилиши муносабати билан, шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича далилларга оид қонун нормалари судлар томонидан тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган ҳамда пленум мажлисида муҳокама этилган “Суд томонидан фуқаролик ишлари бўйича далиллар ва исботлашга оид қонун нормаларини қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳаси билан судларга Фуқаролик процессуал кодексининг 71-моддасига кўра, фуқаролик иши бўйича далиллар деганда, тарафлар ўз талаблари ва эътирозларини асослаётган ҳолатлар, шунингдек, ишнинг тўғри ҳал қилиниши учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳар қандай ҳолатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини суд қонунда белгиланган тартибда аниқлаши учун асос бўладиган ҳар қандай фактик маълумотлар тушунилиши тушунтирилмоқда.

Пленум йиғилиши иштирокчилари иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, судлар томонидан мазкур масалага доир қонун ҳужжатлари тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар. Пленум қарори лойиҳасида иқтисодий ишларни кўришда давлат божи ундириладиган аризалар ва шикоятлар турлари, давлат божи, почта ва бошқа суд харажатларини ундириш ҳамда тарафлар ўртасида тақсимлаш хусусиятлари, давлат божидан озод қилиш ва уни қайтариш асослари каби масалалар баён этилган бўлиб, иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, судлар томонидан мазкур масалага доир қонун ҳужжатлари тўғри қўлланилишини таъминлашга қаратилган.

Бундан ташқари, мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Ушбу пленум қарори лойиҳаси билан жиноят ишлари бўйича 7та, иқтисодий ишлар бўйича 16та пленум қарорларига, шунингдек, 3та қўшма пленум қарорларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Мазкур ҳужжат билан янги таҳрирдаги Солиқ кодексига мувофиқ айнан қандай солиқлар ва йиғимлар жорий қилингани, содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш асослари, қайси ҳолатларда бу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортиш мумкин эмаслиги, тадбиркорлик фаолияти субъектлари яна қандай ҳуқуқларга эга эканлиги, тадбиркорлик фаолиятини махсус рухсатнома олмасдан ва рўйхатдан ўтишдан бўйин товлаган ҳолда амалга оширилганида шахснинг қилмиши квалификацияси каби масалаларга атрофлича тушунтириш берилмоқда.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Top