09:19 / 21.02.2021
4823
Amnesty International Навальнийни озод қилишга чақирди

Amnesty International ташкилоти ҳуқуқшуносларининг Алексей Навальнийни озод қилиш ҳақидаги петицияси 195 минг имзо йиғди.

Россияга қайтгач ҳибсга олинган мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийни зудлик билан озод қилиш ҳақидаги петицияга 195482 нафар инсон имзо чекди. Бу маълумот ҳужжатни тузган Amnesty International вакиллари томонидан 19 феврал куни эълон қилинди.

Даниядан 38 минг, Нидерландиядан 30 минг, Норвегиядан 23 мингдан зиёд овоз тўпланган. Шунингдек, Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидан ҳам 20 мингдан ортиқ овоз тўпланди.

Ҳуқуқшуносларнинг хабар беришича, овозларнинг бир қисми элчихоналар орқали Россия ҳукуматига етказилган. Петициянинг ўзи эса Россия президенти Владимир Путиннинг администрациясига берилган.

«Ив Роше» иши

«Новичок» гуруҳига кирувчи модда билан заҳарлангани гумон қилинаётган Алексей Навальний Германияда даволаниб, 17 январ куни Россияга қайтиб келганди. 2 феврал куни у «Ив Роше» иши бўйича 2 йилу 8 ойга озодликдан маҳрум қилинганди.

«Ив Роше» иши доирасида 2014 йилда Алексей ва унинг укаси Олег фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинганди. Улар фирибгарлик ва пул ювишда айбланган. Навальний ўшанда шартли равишда 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилган ва унинг синов муддати 2020 йил 30 декабрда ўз ниҳоясига етди. 2017 йил Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Навальнийнинг ишида Европа конвенцияси талаблари бузилганини эълон қилганди.

Агар Симоновский суди чиқарган ҳукм кучида қоладиган бўлса, Навальний 2023 йилнинг октябрида озодликка чиқиши мумкин.

Сиёсатчининг ҳибсга олинишидан сўнг Россия ва дунёнинг ўнлаб шаҳарларида 23 ва 31 январ кунлари мухолифатчи ва бошқа сиёсий маҳбусларни қўллаш учун тинчлик митинглари ўтказилди. Митинглардан сўнг Навальнийнинг бир қанча тарафдорлари 23 мартга қадар уй қамоғига ўтказилган. Навальнийнинг рафиқаси Юлия феврал ойи бошида Россияни тарк этиб, Германияга учиб кетган.

Top