18:05 / 02.04.2021
1295
Доғистонда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти тақдимоти ўтказилди   
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Доғистон Республикасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти тақдимоти ҳамда икки мамлакат туроператорлари ўртасида B2B учрашувлар ўтказилди.  

Туризм қўмитаси хабарига кўра, бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов топшириғи билан Доғистон Республикасида «Имомлар юртига саёҳат» йўналишидаги тарғибот ишлари бошланди. 

Жумладан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Халқаро ислом академияси, Ошпазлар уюшмаси вакилларидан иборат делегация мамлакатнинг РФдаги элчихонаси ҳамда Ростов-Дондаги бош консуллиги кўмагида Доғистоннинг Маҳачқалъа шаҳрига ташриф буюрди. 

Дастлаб Ўзбекистон делегацияси вакилларининг Доғистон миллий сиёсат ва дин ишлари бўйича вазири Энрик Муслимов билан учрашуви бўлиб ўтди. Энрик Муслимов Ўзбекистон делегацияси ташрифидан хурсанд эканини маълум қилиб, мамлакатнинг зиёрат туризм салоҳиятини юқори эътироф этди. Шу билан бирга, вазир Ўзбекистон-Доғистон ўртасидаги алоқалар юксак даражада ривожланиши тарафдори эканини қайд этди. 

Учрашувда шунингдек Доғистон муфтийсининг биринчи ўринбосари Аҳмад Ҳожи Кахаев ҳам иштирок этиб, Баҳоуддин Нақшбандий, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий каби дунёга машҳур алломаларнинг ислом оламидаги муҳим ўрнини эътироф этди. Аҳмад Ҳожи Кахаев ушбу ташриф учрашувлари ортидан томонлар ўртасида зиёрат туризми ривожланишидан мамнун эканини таъкидлади. 

Бундан ташқари, делегация ташрифи доирасида Доғистон муфтийси, Мусулмонлар марказий маънавий бошқаруви раиси Шайх Аҳмад Ҳожи Абдуллаев билан учрашув бўлиб ўтди. Муфтий зиёрат туризмини ривожлантириш орқали икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний билимлар бўйича таълим туризмини ҳам ривожлантириш айни муддао эканини таъкидлади.  

Доғистон томон делегация таркибидан ўрин олган ўзбекистонлик таниқли хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳни доғистонлик педагоглар учун малака ошириш курслари, талабалар учун эса хаттотлик бўйича маҳорат дарсларини ўтишга таклиф қилди. 

Шундан сўнг Маҳачқалъа шаҳридаги “Тарихий парк”да Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳияти тақдимоти ҳамда хаттотлик бўйича маҳорат дарси ўтказилди. 

Ўзбекистон ва Доғистон туроператорлари ўртасида ўтказилган B2B форматидаги учрашувлар ҳам доғистонликларнинг республикага бўлган қизиқишини тасдиқлади. Ушбу учрашувларга Доғистон томондан 30га яқин туроператор ташриф буюриб, ўзбекистонлик туроператорлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлади. 

Top