14:38 / 10.09.2021
16014
«Париждаги ўйинларга бугундан тайёрланиш зарур» — Президент паралимпия иштирокчилари билан учрашди

Президент келгуси мусобақаларга стол тенниси, қиличбозлик, камондан отиш, велоспорт, от спорти, бадминтон сингари турлар бўйича ҳам йўлланмалар учун курашиш кераклиги ҳақида гапирди.

10 сентябрь куни давлат раҳбари Токио шаҳрида бўлиб ўтган ўн олтинчи паралимпияда иштирок этиб, Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчилар билан учрашди.

«Аввало, сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни Ўзбекистон терма жамоасининг паралимпия ўйинларида қўлга киритган улкан ғалабаси билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ҳаммамиз олис Токио шаҳрида бўлиб ўтган ўн олтинчи паралимпия ўйинларини катта ҳаяжон ва чексиз фахр билан кузатиб бордик. Барчангизга маълум, бу гал терма жамоамиз 8та олтин, 5та кумуш ва 6та бронза медалини қўлга киритди. Ана шу қимматли 19та медалнинг 11таси, шижоатли спортчи қизларимиз томонидан қўлга киритилгани тарихимизда мисли кўрилмаган воқеадир. Мамлакатимиз терма жамоаси 160дан зиёд давлатлар ўртасида ўн олтинчи, Осиё қитъасида ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида тўртинчи, Марказий Осиёда эса биринчи ўринни эгаллади.

Айни пайтда бугунги ғолиб ва совриндор спортчиларимизнинг барча қийинчиликларни енгиб ўтишида беқиёс ҳисса қўшган ҳурматли ота-оналарга алоҳида ташаккур билдираман», деди президент.

Давлат раҳбари Токиода карантин сабабли мусобақаларда иштирок эта олмаган ўзбекистонлик спортчиларга ҳам тўхталиб ўтди.

«Албатта, ҳозирги оғир пандемия шароитида паралимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш, бундай катта ютуқларга эришиш осон бўлмади. Мусобақанинг дастлабки кунларида Токио шаҳрида 25 нафар спортчимизга нисбатан қаттиқ карантин талаблари қўллангани ҳам жиддий муаммолар туғдирди.

Ўз йўналишларида ғолибликка асосий даъвогар ҳисобланган Лобар Хуррамова, Севинч Салаева, Васила Алибоева сингари дзюдочи қизларимиз шундай сабаблар туфайли баҳсларда иштирок эта олмадилар. Умид қиламизки, улар кейинги сафар ўзларининг нималарга қодир эканлигини албатта исботлашади.

Шу ўринда, бу галги мусобақаларда омади келмаган ёшларимизга қарата айтмоқчиман: жаҳондаги энг кучли спортчилар беллашган Паралимпия ўйинларида қатнашиб, ўз салоҳиятингизни дунёга намоён этганингизнинг ўзи ҳам катта ифтихордир», деди давлат раҳбари.

Президент Парижда бўлиб ўтадиган кейинги паралимпияга жиддий тайёргарлик кўриш масаласида ҳам гапирди.

«Вакилларимиз 8та спорт тури бўйича 55та йўлланмани қўлга киритиб, миллий спортимиз тарихида энг юқори кўрсаткичга эришди. Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимизга автомашиналар ва пойтахтимиздан квартиралар ажратилди. Фармон билан эса, ғолиб спортчиларимиз, уларнинг мураббийлари ва барча иштирокчилар муносиб равишда пул мукофотлари билан тақдирланди.

Эришган ютуқларимизни мустаҳкамлаб, ватанимизнинг спорт соҳасидаги улкан салоҳиятини тобора кенгроқ намоён этиш учун 2024 йилда Парижда бўладиган паралимпия ўйинларига бугундан бошлаб аниқ тизим асосида тайёргарлик кўришимиз зарур.

Жумладан, келгуси мусобақаларга стол тенниси, қиличбозлик, камондан отиш, велоспорт, от спорти, бадминтон сингари турлар бўйича ҳам йўлланмалар учун курашиш керак», деди давлат раҳбари.

Шу муносабат билан:

Биринчидан, бўлғуси паралимпия ўйинларига пухта ҳозирлик кўриш учун хорижий мамлакатлардан энг тажрибали мутахассис ва мураббийлар жалб қилинади. Шу билан бирга, жойларда жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ўртасида паралимпия ҳаракатини ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилиб, амалга ошириш зарур.

Иккинчидан, пара-спорт турлари бўйича иқтидорли атлетларни саралаш ва уларнинг захирасини шакллантириш тизимини такомиллаштириш лозим. Хусусан, спорт таълими масканларида тегишли ўқитиш дастурлари ва методикасини жорий қилиш билан бирга, уларда паралимпия бўлимларини ташкил этиб, қўшимча квоталар ажратилади.

Учинчидан, жисмоний имконияти чекланган ёшлар орасида спортга қизиқиши кучли бўлган йигит-қизлар кўплаб топилади. Ана шундай ёшларни пара-спорт турларига кенг жалб этиш ва уларни тарбиялашни назарда тутадиган Ҳукумат қарори тайёрланади. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси қошида Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти фаолиятини ташкил этиш чоралари кўрилади.

Top