Россияда РФнинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери давлат телеканалларининг аудиторияси тахминан чорак қисмга камайди. Бундан «Ромир» хусусий тадқиқот компанияси томонидан россияликларнинг медиаистеъмолига ижтимоий-иқтисодий вазият таъсири таҳлили маълумотлари далолат беради, деб ёзмоқда 22 август, душанба куни The Moscow Times нашри.

Социологларнинг фикрича, «катта учлик» федерал телеканаллари – «Биринчи», «Россия 1» ва НТВ телеканалларининг томошабинлар қамраб олиши биринчи марта февраль ойидан бошлаб 19,1 фоиздан 26,8 фоизга ўсган Telegram ижтимоий тармоғидан ортда қолди. Шу билан бирга, «Биринчи канал»нинг томошабинлари РФ аҳолисининг 33,7 фоизидан 25,5 фоизига, «Россия 1»нинг худди шундай кўрсаткичлари 30,9 фоиздан 23 фоизга, НТВ - 21,1 фоиздан 16,6 фоизга камайди

Уруш эҳтиёжлари учун телеэфирлар тармоғини қайта шакллантирган телеканаллар барча ёшдаги аудиторияни тезда йўқотмоқда, уларнинг аудиториясининг қисқариши ёшлар орасида фаолроқ, деб ёзади The Moscow Times.

Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли бостириб кириши бошланганидан бери Россия давлат телеканаллари дастурларни ўзгартириб, кўнгилочар дастурларни телеэфирдан олиб ташлади ва ҳарбий ташвиқот мазмунини кескин оширди.