20:46 / 24.11.2022
10522
Жазоир суди одамни ёқиб юборган 49 кишини ўлимга ҳукм қилди 

Улар ўрмонга ўт қўйишда ноҳақ айбланган шахсни ўзбошимчалик билан жазолаб, оловда куйдиришган эди. 

Фото: Getty Images

Жазоир суди ўтган йили август ойида ўрмонларга ўт қўйганликда ноҳақ айбланган кишини ўзбошимчалик билан жазолаб, оловда куйдириб ўлдирган 49 кишига ҳукм ўқиди. 

Legit портали хабарига кўра, уларнинг барчаси ўлимга маҳкум қилинган. Яна 15 киши турли муддатларга қамоқ жазосини олган. 

38 ёшли Жамил бин Исмоил ўт қўйишда гумон қилинаётганини билиб, ўз ихтиёри билан полиция бўлимига борган. Шундан сўнг, оломон уни ушлаб олиб, ёқиб юборган. Жазоирдаги кучли ўрмон ёнғинлари бутун мамлакат бўйлаб камида 90 кишининг ҳаётига зомин бўлган эди. 

Кейинчалик маълум бўлишича, Исмоил ёнғинларга алоқадор бўлмаган, балки кўнгилли сифатида ўтни ўчиришга ёрдам бериш учун вилоятга борган. 

Жазоир шаҳри суди 24 ноябр куни «қотиллик ва жароҳат етказишда» айбдор деб топилган 49 кишини ўлимга маҳкум қилди. 

Жазоирда охирги қатл 1993 йилда амалга оширилган. Шундан бери мамлакатда ўлим жазосига мораторий ўрнатилган эди. 

Top