Россияда ростдан ҳам демографик инқироз рўй беряптими ёки «Қирилиб бораётган Россия» ибораси шунчаки муваффақиятсиз публицистик муҳрга айланганми? Дунё мамлакатларида бу борада аҳвол қандай? Қуйида шулар ҳақида.

Жорий йил мартида The Economist журнали Украинага кенг миқёсда бостириб кириш Россиядаги шундоқ ҳам бўй кўрсатиб келаётган «демографик фожиа»ни янада чуқурлаштирганини ёзиб чиқди.
«Россия қирилиб бормоқда» деган ишонч турли йилларда мухолифатчиларни, урушнинг қатъий тарафдорлари, халқаро таҳлил марказлари экспертларини бирлаштирган кам сонли нуқталардан бири.
Умуман олганда, Россиядаги демографик вазият Путиннинг барча президентлик йилларида қизил чизиқдан пастда бўлган.
«Агар ҳозирги вазият сақланиб қолса, миллатнинг яшовчанлиги хавф остида қолади. Биз, Россия фуқаролари йилдан йилга камайиб борамиз», — деган эди Путин 2000 йилда.
Орадан йигирма йил ўтгач, у ҳар йили ҳукуматдан демографик ўсишни талаб қилиб келмоқда.
Нега айрим мамлакатлар «қирилмоқда» дейилади ўзи?
Бу турли демографик жараёнларни тасвирлаш учун эмоционал публицистик ибора. Бунга нафақат Россияда, бутун дунёда кўпроқ сиёсатчилар, экспертлар, олимлар ва журналистлар мурожаат қилиб туришади.
Қоида тариқасида, «қирилиш» деганда депопуляция жараёни, яъни аллақайси бир ҳудудда яшовчи аҳоли сони камайиши тушунилади. Депопуляцияга хусусан демографик шоклар ҳам сабаб бўлади— Россияда уни «демографик чуқурлар» деб ҳам аташади. Улар турли сабабларга — касаллик, очарчилик, уруш, оммавий эмиграция ва ҳоказоларга боғлиқ бўлади.
Келинг, мисолларга мурожаат қилайлик. «Қора ўлим» — XIV асрда рўй берган ўлат пандемияси Европанинг тенг ярим аҳолисини қириб юборган, деб ҳисобланади. XX аср бошларида испанка (грипп)дан 100 миллион одам ҳалок бўлган, яқинда рўй берган ковид пандемиясида ўн беш миллион одам ҳалок бўлди (ўлимларнинг миллионга яқини Россия ҳиссасига тўғри келади). XIX аср ўрталаридаги картошка очарчилиги ва оммавий эмиграция туфайли Ирландия аҳолиси чорак қисмига қисқарган. Хитойнинг «Катта сакраш» сиёсати ва у келтирган очарчилик 16 дан 45 миллионгача одамлар ўлимига сабаб бўлган. Тадқиқотчилар фикрича, Венгрияга мўғуллар босқини маҳаллий аҳолининг икки баробарга камайишига олиб келган. Буларнинг бари — демографик шоклар.
Шундай ҳоллар ҳам бўладики, айрим авлодлар бир неча демографик шокка рўбару келади. XX аср мобайнида Россия империяси, кейинчалик СССР иккита жаҳон уруши, фуқаролар уруши, учта эмиграция тўлқини, 20-йиллар очарчилиги, 30-йиллар очарчилиги (Украинадаги голодомор ва Қозоғистондаги очарчилик ), 40-йиллар очарчилигини бошдан ўтказган. Демографларга кўра, бундай инқирозларни бошдан ўтказган кам сонли авлодлар тинч йилларда кўп фарзанд кўра олишмайди. Ушбу шоклар томонидан чақирилган туғилиш тебранишлари узоқ йиллар давомида жамият тузилмасига ўз таъсирини ўтказиб келади.
Бошқа томондан, кўп асрлик демографик тенденциялар ҳам ўз таъсирини ўтказади. Бир ярим аср муқаддам АҚШнинг ўртача статистик аёли умри давомида 6 нафар фарзанд тарбиялаган (Греция, Полша, Хитой ва Филиппинда ҳам ўртача фарзандлар сони шунча бўлган), Россия империясида бу кўрсаткич етти нафар фарзанд бўлган. Ўша пайтлар болалар ўлими даражаси ниҳоятда юқори бўлган: туғилган болаларнинг тенг ярми 15 ёшга етмай ўлиб кетаверган.
Лекин сўнгги бир ярим аср мобайнида тиббиёт тараққий топиши орқали болалар ва оналар ўлими кескин камайишига эришилди, контрацепциянинг ишончли воситалари чиқиб кетди, турмуш тарзи буткул ўзгарди, ўзини намоён қилиш ва гендер тенглик ғоялари кенг тарқала бошлади. Буларнинг барчаси биргаликда жаҳондаги аёллар камроқ туға бошлашига олиб келди. Тадқиқотчилар жамиятнинг бу тарзда қайта қурилишини демографик ўтиш деб аташади.
Нолинчи йиллар ўрталарида Владимир Путин шундай деб таъкидлаганди:
«Биз қанчалик бой-бадавлат, фаровон ва тўқ бўла бошлаганимиз сари демография билан боғлиқ муаммолар кўпаймоқда».
У ҳақ эди: кўп ҳолларда мамлакат қанчалик фаровон бўлса, унда туғилиш кўрсаткичлари шунчалик паст бўлади. Лекин Путин бунда муаммо ва ҳаттоки таҳдид кўра бошлагани бошқа гап.
Замонавий давлатлар модели дунёнинг пронаталистик манзарасига асосланади: унга кўра, фуқароларнинг катта қисми албатта фарзанд кўради, болалари улғаяди, ишлай ва солиқ тўлай бошлашади, мамлакат ҳаётида иштирок этади ва албатта улар ҳам оила қуриб, фарзанд кўришади ва бу ҳол чексиз давом этаверади.
Содда қилиб айтганда, давлатлар аҳоли сони ўсишини таъминлаш, энг камида қисқаришига йўл қўймаслик учун ўзларини масъул, деб ҳисоблашади. Бунинг учун уларга ҳар бир оилада камида икки нафар фарзанд дунёга келиши керак.
Нолинчи йиллар бошларида Жанубий Кореяда кўплаб оилалар ягона фарзанд кўра бошлашди — шу сабабли публицистикада бу мамлакатни ҳам «қирилиб бораётган» деб аташади. Демографлар фикрича, агар Жанубий Корея давлат оила сиёсатини ўзгартирмаса, бир аср ичида мамлакат аҳолиси икки баробарга қисқариб кетиши мумкин.
Туғилиш камайиши ёмон ҳолатми?
Бу баҳсли масала.
Тадқиқотчиларнинг бир қисми туғилиш камайишидан давлат ютиши ҳам мумкинлигини комил ишонч билан таъкидлайди. Масалан, Японияда юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари аҳоли сони қисқариши йилларида кузатилган. Давлатларнинг пронаталистик сиёсати қаттиқ танқид остига ҳам олинади: демографларнинг бир қисми тенгсизлик, энг аввало гендер тенгсизлик ўсишига олиб келади, деб ҳисоблайди.
Туғилиш камайиши асло ёмон эмаслигини қўлловчи яна бир (баҳсли) далил — иқлим билан боғлиқ ҳолат. Назарда тутилишича, сайёра аҳолисининг ўсиши иқлим инқирозини тезлаштирувчи омилларни кучайтиради ва чекланган табиий ресурслар битиб тугашига сабаб бўлади.
Бугунги кунда жаҳон энг камида 55 давлати фаол пронаталистик сиёсат олиб бормоқда. Туғилиш камайишидан энг аввало Европа ва Шимолий Америка давлатлари ташвишга тушишган. Эҳтимолли салбий оқибатлари рўйхати улар учун аниқ: ёш ва меҳнатга қобилиятли аҳоли сони камайиши рецессия, мудофаа қудрати пасайиши, илмий инновациялар соҳасида ортда қолиш истиқболи таҳдид солади.
Бундан ташқари, замонавий дунёда умр давомийлиги узаймоқда, демак, парвариш ва ижтимоий қўллов зарур бўлган пенсионерларнинг ҳам улуши ортиб бормоқда. 2018 йилда бутун дунёда 65 ёш ва ундан юқори бўлган инсонлар сони 5 ёшгача бўлган болалар сонидан ортиб кетди. Содда қилиб айтганда, жамият тўлиқ ёки қисман боқиши керак бўлган инсонлар сони ортмоқда, уларни боқиш учун ишлаши лозим бўлганлар сони эса тобора камаймоқда. Бу «аҳолининг қариши» дейилади.
Демограф Дмитрий Закотянскийга кўра, тез орада бу демографик муаммони ҳал қила олмайдиган давлатлар паст кўрсаткичли туғилиш қопқонига тушиб қолиши мумкин: уларда туғилишни рағбатлантириш учун эркин ресурслар қолмайди.
«Қирилиш» билан курашаётган Ғарб давлатлари учун фуқаролар сони кўп ҳолатда жаҳондаги статус ва таъсир кучи кафолати ҳамдир. Аҳоли қарий бошласа инвестициялар ва бизнес бошқа, ёшроқ давлатларга кўчиб ўта бошлайди. Чунки қариб бошлаган давлатларда меҳнат қиймати ҳамда солиқлар пенсия тизимининг ўсиб бораётган эҳтиёжи туфайли юқори бўлади», — дейди Закотянский.
Бутун дунёдаги демографлар XXI асрнинг иккинчи ярмида Ер аҳолиси сони 10 миллиард кишига етишини кутмоқда, шундан сўнг пасайиш кузатила бошлайди. Бу дунёда иш кучи учун рақобат кучайишини англатади. Сиёсатчилар ўз мамлакатини яшаш ва оила қуриш учун жозибадор қилиш йўлларини қидира бошлашади. Бугун Франция ва Швециянинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари муваффақиятли кўринмоқда — демографларга кўра, бу икки давлат аср охирига бориб ўз аҳолисини икки баробарга кўпайтириб олади.
Бошқа муваффақиятли стратегия — иқтисодиёт ва миграцион сиёсатни хорижий давлатлардан келувчи малакали мутахассисларга мослаб кўриш. Бу йўл билан айни кунларда Канада шуғулланмоқда, АҚШда эса бу ҳақда XX асрдаёқ ўйлаб қўйишган — уларнинг демографик истиқболлари яқин келажак учун ёмон кўринишга эга эмас.
«Қирилаётган давлатлар» учун яхши хабарлар ҳам бор: агар биотехнологиядаги ютуқлар аёлларнинг фарзанд кўриш ёшини яна ўн йилга чўзиб бера олса, бу туғилиш даражасини сезиларли оширади, дейди Дмитрий Закотянский. Унга кўра, бундай мақсадга аллақачон етиш мумкин.
Россияда аҳвол қанақа?
Қандайдир маънода Россия аҳолиси чинданам қирилиб бормоқда.
СССР парчаланиши арафасида давлат хотиржам эди: 1980-йиллар ўрталарида мамлакатдаги оилалар ўртача икки нафардан кўпроқ фарзанд кўришарди. Бироқ, орадан 10 йил ўтгач чуқур иқтисодий таназзул, биринчи чечен уруши ва моддий тенгсизлик даражаси кескин ортиши туғилишни икки баробарга қисқартирди, ўлим даражаси эса, айниқса, эркаклар орасида кескин орта бошлади.
Владимир Путин ўзининг илк президентлик муддати аввалида «мамлакат қартаяётгани» ва «миллатни асраб қолиш» ҳақида қайғура бошлади. Биринчидан, Кремлда «ватандошлар»ни қайтариш дастури ишга туширилди — у мамлакат аҳолисини миллион кишига кўпайтириб, аҳолининг табиий камайишини компенсация қилди, деб ҳисобланади. Иккинчидан, Россия бутун постсовет давлатлардан меҳнат мигрантларини жалб эта бошлади: 2005 йилдан буён миграцион ўсиш йилига 100 минг кишидан пастга тушмаган.
Ўшанда сиёсатда «проналистик ўзгариш» ишга тушган. Ҳукумат ҳар қандай йўл билан россияликларда оила қуришга рағбат уйғота бошлади. Албатта, эълон қилинган ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш чоралари рамзий маънога эга бўлди, фақат 2007 йили Путин томонидан жорий этилган, иккинчи ва қолган фарзандлар учун тўлаб бериладиган оналик капитали ҳисобга олинмаса. Демограф Алексей Ракшанинг фикрича, айнан мана шу тўловлар шарофати билан Россияда 2–2,5 миллион бола туғилган.
2009 йилдан бошлаб ўн йилча «қирилиш» тўхтаб қолди ва барқарор аҳоли ўсишига эришилди. 2015 йилда Россиядаги туғилиш коэффициенти (1,8) Беларус, Арманистон, Хитой, Греция ёки Испаниядагидан юқорироқ эди. Лекин муваффақиятни мустаҳкамлашнинг иложи бўлмади: агрессив ташқи сиёсат Кремл учун демографик вазиятдан муҳимроқ бўлиб чиқди.
Демограф Дмитрий Закотянскийнинг айтишича, Қрим аннексияси ва Донбассдаги уруш учун жорий этилган санкциялар россияликларнинг фаровон турмуш даражасини, демакки, фарзанд кўриш истагини ҳам пасайтирган. 2018 йилга келиб аҳоли камайишини компенсация қилиш учун миграция етарли бўлмай қолди. Формал жиҳатдан, 2018 йилдан бошлаб Россия яна «қирила» бошлади.
2020-йиллар бошида Россия классик демографик бўҳронга дучор бўлди: пасайиб бораётган туғилишга пандемиянинг ортиқча ўлимлари жўр бўлди. Бу вақтга келиб 1990-2000-йилларда туғилган ёшлар фарзанд кўриш ёшига етиб келди. Украинага уруш очилишидан аввал, 2021 йил охирида ҳукумат 4 йил ичида аҳоли икки миллионга қисқаришини прогноз қила бошлади. Закотянскийнинг сўзларига кўра, демографлар ҳам аҳолини ҳисобга олиш сифатсиз амалга оширилгани учун ишонарли маълумотларни ҳисоб-китоб қилишда қийнала бошлашган.
Урушдан ташқари демография учун яна бир салбий омил бор — қатағонлар ва ички сиёсатда авторитарликка юз буриш.
«Сўнгги йилларда ёш авлодда эркинлик қадриятларига талаб оша бошлади, давлат эса бунга қарши эди. 2021 йилда кечиктирилган ва пандемия даври туғилишлари ошишини кутиш мумкин эди, бироқ инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият қуюқлаша бошлади ва ёшлар ўртасида фарзанд кўришга ҳам таъсир ўтказди. Одамлар яна фарзанд кўришни кечиктира бошлашди. Бинобарин, 2022 йил февралидан сўнг бундай россияликлар сони янада ортди. Бу демографик фалокатдан биз яқин орада қутула олмаймиз», — дейди Закотянский.
2022 йил якунларига кўра, Россияда туғилиш коэффициенти 6 фоизга камайган — айрим ойларда Иккинчи жаҳон уруши даври натижаларигача тушилган. БМТнинг яқиндаги прогнозига кўра, 2100 йилга бориб Россияда 144 миллион ўрнига 112 миллион одам яшайди. Закотянский бу ўта оптимистик баҳолаш эканини қайд этади. Ҳисоб-китобда мураккаброқ омилларни (масалан, аёлларнинг таълим даражаси ва контрацепция воситаларидан фойдаланиши) олувчи айрим тадқиқотчилар 2017 йил маълумотларига асосланиб, XXI аср охирида Россияда 90 миллион одам қолиши борасида хулоса беришмоқда. Закотянскийнинг қайд этишича, бундай ҳисоб-китоблар ҳақиқатдагидан кўра юқорироқ туғилиш даражасига асосланади.
Лекин «Россиянинг қирилиши» тушунчасини демограф ҳаддан ташқари эмоционал деб баҳолайди.
«Бу, албатта, муаммога эътиборни жалб қилади, лекин шуни унутмаслик керакки, бу ҳолда асосий жиҳат аҳоли сони қисқариши эмас, унинг қариши. Айнан у бир неча йил кейин муаммолар тўпини яратади. Демографик таҳдидлардан одамларни қўрқитиш ва уларнинг ҳуқуқларини чеклаш учун баҳона сифатида фойдаланиш ҳам мумкин (бу керак эмас), лекин ундан гендер тенглик, инсонларнинг оила ва касбий ривожланишни тенг олиб бориш, ота-она фарзанд тарбияси билан толиқмасдан шуғулланиши учун рағбат уйғотишда фойдаланса бўлади (ва бу керак)», — дейди Закотянский.
Россия режимига туғилишнинг ўсиши унчалик керак ҳам бўлмаслиги мумкин: социологлар маълумотларига кўра, Путин режимини айнан қариялар ёппа қўллайди, ёшларда эса ҳокимиятдан норозилик кайфияти кучли. Лекин яқинда ўтказилган тадқиқотлар автократияларнинг мустаҳкам бўлиши учун туғилиш даражаси оз бўлса-да юқорироқ бўлгани чиндан ҳам фойдали эканини кўрсатган. Демографлар фарзанд кўриш ёшидаги бола тарбияси ва парваришидан озод аёллардаги бўш вақт ва авторитар давлатлар жамиятларида демократик талабларни илгари суриш таъсири секин-аста ўсиб бориши ўртасида боғлиқлик борлигини топишга муваффақ бўлишган.
«Россия ҳокимиятининг демография муаммоларига реакция билдирмаётгани бу айёрона режа эмас, шунчаки ҳокимият ҳозир бор диққат-эътиборини бошқа нарсаларга қаратган», — дейди Закотянский.
* * *
Дарвоқе, 2010-йиллар бошида Жанубий Корея ҳукумати мамлакатдаги демографик инқироз сабабларидан бири – мамлакатдаги меҳнат маданияти эканига эътибор қаратган. У одамларнинг ортиқча ишлашига шароит яратиб, ишчиларга ўз оилалари билан кўпроқ бўлишга имкон қолдирмаган. Статистикага кўра, жанубий кореялик амалдорлар Шарқий Осиёдаги ҳамкасбларига нисбатан йилига 1000 соат ортиқроқ ишлашар экан.
Бунинг олдини олиш учун Сеулда ҳар ойнинг учинчи чоршанбасида ҳукумат биноларида электр соат 19:00 дан кейин ўчирила бошланган. Дастурнинг дастлабки муваффақиятларидан сўнг (уни декрет таътиллари сони билан ўлчашган) ҳар чоршанба «оила куни» деб эълон қилинган. 2018 йилдан бери мамлакат пойтахтида давлат хизматчиларининг компютерлари соат 20:00 дан кейин ишламайдиган қилинган.