Вазирлар Маҳкамасининг "Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Туман (шаҳар) ҳокимликлари, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилинган инвесторлар томонидан автомобил йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник тизимларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.
Туман (шаҳар) ҳокимликлари, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилинган инвесторлар томонидан ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник тизимларининг техник эксплуатацияси ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, шу жумладан, жорий электр энергияси ва алоқа каналларининг харажатлари туман (шаҳар) ҳокимликлар, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилинган инвесторлар томонидан мустақил равишда қопланади.
Туман (шаҳар) ҳокимликларига, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилинган инвесторларга тегишли махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник тизимлари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликларидан ундирилган жарима суммасини тақсимлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:
а) туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник тизимлари жорий этилиб, ишга туширилган кундан бошлаб:
30 фоизи – бевосита туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига, мазкур маблағлар йўл ҳаракатини рақамлаштириш, йўл инфратузилмасини ривожлантиришга, йўл-патруль хизмати ходимларининг қўшимча штатларини киритишга мақсадли йўналтирилади;
50 фоизи – Ўзбекистон республика бюджетига;
10 фоизи – Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига;
5 фоизи – Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ДЙҲХХ моддий техника базасини ривожлантириш, ходимларни рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармасига;
5 фоизи — Ўзбекистон Давлат хавфсизлиги хизмати ҳузуридаги “Киберхавфсизлик маркази” давлат унитар корхонасига;
б) давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилинган инвесторлар томонидан ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник тизимлари жорий этилиб, ишга туширилган кундан бошлаб, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатигача:
30 фоизи – бевосита туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига, мазкур маблағлар йўл ҳаракатини рақамлаштириш, йўл инфратузилмасини ривожлантиришга, йўл-патрул хизмати ходимларининг қўшимча штатларини киритишга мақсадли йўналтирилади;
25 фоизи – давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилинган инвесторларнинг ҳисобварағига;
20 фоизи – Ўзбекистон республика бюджетига;
10 фоизи – Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига;
10 фоизи – Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ДЙҲХХ моддий техника базасини ривожлантириш, ходимларни рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармасига;
5 фоизи — Ўзбекистон Давлат хавфсизлиги хизмати ҳузуридаги “Киберхавфсизлик маркази” давлат унитар корхонасига йўналтирилади.
Бунда, Ички ишлар вазирлигининг Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ДЙҲХХ моддий техника базасини ривожлантириш, ходимларни рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармасига йўналтирилган маблағлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Маъмурий амалиёт бўлими ходимларини рағбатлантириш, мукофотлаш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини ривожлантиришга мақсадли сарфланади.



