Испания миллий жамоаси – янги жаҳон чемпиони! Луис де ла Фуэнте шогирдлари финалда амалдаги чемпион Аргентинани мағлуб этди. Бу испанлар тарихидаги иккинчи жаҳон чемпионлиги бўлди – биринчиси 16 йил олдин қўлга киритилганди.
Испания – Аргентина 1:0
Гол: Торрес, 106 (1:0)
Испания: Симон, Кукуреля, Ляпорт (Гарсия, 99), Кубарси, Порро, Руис (Педри, 62), Родри (Субименди, 99), Баэна (Уилямс, 75), Олмо (Мерино, 75), Ямал, Ойярсабал (Торрес, 62)
Аргентина: Э. Мартинес, Таляфико, Л. Мартинес (Отаменди, 44), Ромеро (Медина, 70), Монтиэл (Молина, 58), Гонсалес (Паредес, 46), Макаллистер, Фернандес, де Паул (Симеоне, 70), Алварес (Сенеси, 102), Месси
Огоҳлантиришлар: Л. Мартинес, 41. Паредес, 52. Фернандес, 82. Макаллистер, 111
Четлатиш: Фернандес, 90 (иккинчи сариқ), Паредес, 120
Испания миллий жамоаси финал учун кутилган таркибда тушди – бу сафар ҳам де ла Фуэнте майдон марказида Педрини эмас, Руисни ўйнатди. Лионел Скалони эса яримфиналдаги ўйин билан солиштирганда айрим ўзгаришлар қилди: у Паредес, Симеоне ва Молинани захирада қолдирди, уларнинг бошланғич таркибдаги ўринларини Де Паул, Гонсалес ва Монтиел эгаллади.
Аргентина ҳам, Испания ҳам илк дақиқалардан майдон марказида устунлик қилишга урғу қаратди. Аммо буни турлича амалга оширди. Скалони шогирдлари тўпни Месси учун бўшлиқлар юзага келгунича кутиш режимида олиб юрди, де ла Фуэнте шогирдлари эса майдоннинг рақиб дарвозаси жойлашган қисмида кучли прессинг уюштириб, тўпни тезда ўзига қайтаришга ҳаракат қилди.
«Қизил фурия» тезкор гол уриши мумкин эди, Ямал Олмо билан девор услубида ўйнаб, зарба бериш позициясига чиқиб борди. Аммо Мартинеслар иккиталик сейв амалга оширди – Лисандро зарба йўлини тўсди, Эмилиано тўпни узоқлаштирди.
Аргентиналикларни финалгача олиб келган Месси эса майдонда сезилмади. Ўйиннинг дастлабки 15 дақиқасида у атиги бир марта тўпга тегинди, бу ўйиндаги исталган футболчиникидан кам эди. Ҳимояда ҳеч ким Леодан ёрдам кутгани ҳам йўқ, ҳужумда эса унга тўп етиб бормади.
Бўлимнинг қолган қисмида ҳам аргентиналиклар чуқур ҳимояланди ва биринчи бўлим давомида бирор марта зарба бермади, рақиб жарима майдонида бирор марта тўп билан муомила қилинмади. Де ла Фуэнте шогирдларида статистика билан мақтана олмайди, испанлар бўлим давомида атиги уч марта зарба берди (шундан иккитаси дарвоза соҳасига тўғри борди). Бу ЖЧ тарихидаги вазиятлар энг кам кузатилган бўлим бўлди (охирги марта 1966 йилги финалда дастлабки 45 дақиқаликда бу қадар кам ҳужум уюштирилган).
Шу куни ЖЧ тарихидаги яна бир ноодатий воқеа рўй берди: биринчи бўлимдан кейинги танаффус рекорд даражада 27 дақиқа чўзилди. Бу вақтда йиғилган мухлислар учун Мадонна, BTS, Жейсон Судекис, Жастин Бибер ва Шакира каби юлдузлар иштирокида концерт қўйиб берилди.

Танаффусдан кейин ҳам картина ўзгармади ва ўйин испанларнинг тўлиқ устунлигида кечишда давом этди ва фақат Эмилиано Мартинеснинг сейвлари аргентиналикларни ўйинда олиб қолди. У ўйиннинг асосий вақти давомида 10 дан ортиқ сейв ижро этди, бу вақтда эса нариги дарвозада турган Унаи Симонга умуман иш топилмади – Аргентина иккинчи бўлимда ҳам бирорта зарба бера олмади.
Жанубий америкаликлар бор эътиборини рақиб ҳужумларини қўполлик билан тўхтатишга ва ўйин темпини бузишга қаратди, бу услуб эса якунда панд берди.

Аввалига ҳакам билан тортишгани учун сариқ карточка олган Энцо Фернандес ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқалар бошланганида майдон марказида кераксиз фол ишлатди ва майдондан четлатилди.

Бироз ўтиб европаликларда хавфли жарима зарбаси юзага келди, Ямал ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин эди, аммо Мартинес яна қаҳрамонлик кўрсатиб, бурчакка кетаётган тўпга улгурди.
Ўйиннинг асосий вақти ва қўшимча дақиқалар билан жами 100 дақиқа давомида Аргентина барибир зарба бера олмади. Испанияда эса бу вақтда зарбалар сони 15 тани ташкил этиб, xG бўйича 1,20 кўрсаткичи қайд этилди. Шунга қарамай, асосий вақтда ғолиб аниқланмади ва ўйин қўшимча бўлимларга ўтди.
Қўшимча бўлимлар бошида испанлар гол уришди, аммо Уилямснинг голи унга узатма берган Мерино рақиб ҳимоячисининг оёғини босиб олгани туфайли бекор қилинди. Шундан кейин Скалони ихтиёридаги охирги ўзгаришни ишлатиб, яна бир ҳимоячи туширди ва 5-3-1 схемасига ўтди. Аммо Аргентина пеналтилар сериясигача бора олмади. 106-дақиқада Испания ўйиндаги 20-зарбасини голга айлантирди. Де ла Фуэнтенинг алмаштиришлари иш берди. Уилямс олис устун томон узатилган тўпга етиб борди ва уни жарима майдони марказига қайтарди, у ерда ҳеч ким қўриқламаган Торрес дарвозани ўққа тутди – бу сафар Мартинес ҳам ожиз эди.

Торрес финалда дубл қайд этиши ҳам мумкин эди – аммо унинг иккинчи голи микроскопик офсайд туфайли бекор қилинди. Аргентиналиклар сўнгги дақиқаларда ҳужумга ўтишди. Месси ўнг қанотга кўчди ва индивидуал маҳорати эвазига ўйинни ҳал қилишга уринди. Жамоасининг ўйиндаги илк зарбасини ҳам айнан Лео 117-дақиқада йўллади, аммо тўп йўлини Мерино тўсиб чиқди. Бироз ўтиб аргентиналикларда яна бир зарба бериш имконияти юзага келди, аммо Симеоне жарима майдони марказида туриб аниқ мўлжал ололмади, тўп дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди. Шу тариқа, амалдаги жаҳон чемпионлари финалда бирорта аниқ зарба йўллай олмасдан, титулни Испанияга топширди.




