Владимир Зеленскийнинг айтишича, Михаил Драпатий Украина Қуролли кучларининг бош қўмондони лавозимини эгаллайди. У 2025 йил июн ойидан буён Бирлашган кучлар қўмондони сифатида фаолият юритиб келаётган эди. Президент бу қарор Бош штабнинг келгуси тузилмаси ва армияни янада ривожлантириш масалалари муҳокамасидан сўнг қабул қилинганини билдирди.
Зеленский шу билан бирга амалдаги бош қўмондон Александр Сирскийга хизматлари учун миннатдорлик билдирди. Президент унинг Киев мудофааси, Харкивдаги қарши ҳужум ва Курск йўналишидаги операцияларда Украина учун муҳим натижаларга эришишда катта ҳисса қўшганини таъкидлади.
43 ёшли генерал-майор Михаил Драпатий ҳарбий фаолиятини 72-алоҳида механизациялашган бригадада взвод қўмондони сифатида бошлаган. У 2016 йилда «Украина халқ қаҳрамони» ордени билан тақдирланган. 2024 йилда Сирский бош қўмондон этиб тайинланганидан сўнг, Драпатий Қуруқликдаги қўшинларга раҳбарлик қилган ва Харкив йўналишида мудофаани ташкил этишда ҳамда Россия қўшинларининг ҳужумини барбод этишда иштирок этгани қайд этилган.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, армия раҳбариятидаги ушбу ўзгаришлар мудофаа вазири Михаил Фёдоров лавозимдан кетганидан кейин бошланган оммавий норозилик намойишлари ортидан юз берган. Намойиш иштирокчиларининг бир қисми айнан Драпатийни бош қўмондон этиб тайинлашни талаб қилган.
Бу қарордан икки кун аввал Зеленский бир қатор юқори лавозимли ҳарбийлар, жумладан Бош штаб бошлиғи ўринбосари Владимир Горбатюк ва 3-армия корпуси қўмондони Андрей Билецкий билан ҳам учрашган. Оммавий ахборот воситалари бу учрашувларни Сирскийнинг эҳтимолий ворисини танлаш жараёни сифатида баҳолаган.
Шунингдек, Александр Сирский оммавий ахборот воситаларида тарқалган, гўёки у билан собиқ мудофаа вазири Михаил Фёдоров ўртасида можаро бўлгани ҳақидаги хабарлар ўзини ҳам ҳайратга солганини айтди. У муносабатларини ишчан деб баҳолаб, Фёдоровдан очиқчасига узр ҳам сўради.
Сирскийнинг таъкидлашича, собиқ вазир ҳарбийларга тўланиши керак бўлган маблағларнинг бир қисмини учувчисиз учиш аппаратлари харидига йўналтирган. Унинг фикрича, ҳарбийларнинг пул таъминоти билан боғлиқ муаммолар айнан шу қарор ортидан юзага келган ва ҳозирда ҳукумат барча ҳарбий хизматчиларга тўловларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ амалга ошириш имкониятларини изламоқда.



