"Ҳар йили дарсликларни чоп этиш молиялаштирилишига қарамай, ўқув китобларининг танқислиги долзарб масаладан бири бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан бу муаммони ҳал этиш бўйича зарурий чоралар кўриш лозим", - деган Қирғизистон бош вазири Сооронбай Жээнбеков ҳукумат йиғилишида.
Унинг сўзларига кўра, 2012-йили Қирғизистон мактабларини дарсликлар билан таъминлашга 36,5 млн сом (530 минг доллар) ажратилган бўлса, 2015-йили бу рақам 130 млн сом (1,9 млн доллар)ни ташкил этган. Бироқ, ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланганлик даражаси 79,6 фоизни ташкил этмоқда.
"Бу вазиятда, китоблар ижарасини ташкил этиш – энг арзон ва дарслик билан таъминлашнинг халқаро тажрибадан ўтган усулидир. Экспертларнинг ҳисобларига кўра, иш тўғри йўлга қўйилса, 5 йил ичида танқисликни бартараф этиш мумкин бўлади. Давлат бюджети эса фақатгина 20 фоиз маблағни ажратиши кифоя қилади. У ҳам бўлса, интернат, меҳрибонлик уйлари ва кам таъминланган оилалар учун ажратилади", - деб қайд этган бош вазир ўринбосари Гулмира Кудайбердиева.
Бугунги кунда, Қирғизистонда 2027та ўрта мактаб фаолият юритади.



