Унга кўра, ядровий полигонларда ва бошқа радиацион-ядровий объектларда ҳарбий хизматни ўтаган кишиларга Ўзбекистонда транспортдан бепул фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этиш назарда тутилган.
Айни вақтда мамлакатда ядровий полигонларда ва бошқа радиацион-ядровий объектларда ҳарбий хизматни ўтаган фуқаролар сони 254 кишини ташкил этади.
Молия вазирлиги қошидаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маълумотига кўра, улардан 103 нафари (42 нафари Тошкент шаҳрида истиқомат қилади) - ёш бўйича ёки ногирон пенсионерлардир.
«Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунига кўра шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга тоифалар:
- 1941—1945 йиллардаги уруш қатнашчилари жумласидан бўлмиш ҳарбий хизматчилар;
- 1941—1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс;
- 1941—1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар;
- Афғонистон Республикасида ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналминалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқаролар;
- ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар;
- Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахслар;
- кўзи ожиз ногиронлар ва кўзи ожиз ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахс эгадир.



