“Москвага учаётган Душанбе самолёти ярим кечаси Тошкентга қўнибди ва рейс тонготаргача қолдирилибди. Бир пайт телефон жиринглади. Ҳамма ухлаган. Гўшакни кўтарсам — Мирзо Турсунзода.

  • Зулфияхоним! Мен Мирзоман! Ассалому алайкум!
  • Ва алайкум ассалом. Қаердан сўзлаяпсиз? Тошкентданми?
  • Мусофирлар дарвозангизда турибмиз, “Кир” дейдиган одам борми?
  • Тошкентда дарвоза кўп, қайси биридасизлар?
  • Осмон дарвозасидамиз. Ҳозир борамиз сизникига!
  • Қандай бўларкин? Соат бир бўляптику! Ҳамма ухлаган.
  • Ухлаган бўлса, майли, уйқулари оромли бўлсин. Шоир халқи ҳамиша бедор. Биз ухламаганда, энди сиз ҳам ухламайсиз-да, азизим.
  • Йўлдошларингиз борми?
  • Ҳа, ҳаммаси ўзингиз билган мусофирлар — мен, Фотеҳ, Жалол Икромий...

Бирдан Жалол Икромийнинг овози эшитилди:

  • Кечирасиз, Зулфияхоним, Мирзо сизларникига борамиз, деб туриб олган. Ойбекникига борақолайлик, десам, “Тинчини бузмайлик”, дейди. Ғафур Ғуломникини айтсам “Ғафур зиёфат қилади, самолётдан қолиб кетамиз”, дейди...
  • Бўпти, марҳамат, келинглар, — дедим”.

Шундай қилиб ҳовлида Ҳамид Олимжон эккан ток тагидаги столда тузалган дастурхон атрофида дўстлар жам бўлишади. Шеърхонлик ҳам қиёмига етади. Меҳмонлар ғира-шира тонгда аэропортга жўнаб кетишади.

Чиндан ҳам, ўз халқининг меҳмоннавозлиги, умуминсоний фазилатлари Зулфияхоним ва у билан замондош бўлган кўплаб адибларимизнинг табиатида бор эди. Садриддин Айний, Сажжод Зоҳир, Степан Шипачёв, Қайсин Қулиев, Марварид Дилбозий, Мустай Карим ва бошқа замондош дўстлари Зулфияхонимнинг уйига, умуман олганда, юртимизга тез-тез меҳмон бўлиб келишган. Халқаро ижодий ҳамкорлик, замондош ижодкорлар асарларидан хабардорлик, албатта, ўз самарасини берган.