Терактлар ИШИДнинг бир гуруҳ худкушлари томонидан амалга оширилди. Куннинг биринчи ярмида Сурия пойтахти Дамашқдан 92 км масофада жойлашган Сувайда шаҳри марказидаги Сук-ал-Ходра бозорида кучли портлаш содир этилган. Кўп ўтмасдан Ал-Мусаллаҳ тумани ҳудудида портлашлар рўй берган.
«Сувайдадаги бозорда танасига портловчи қурилмалар боғланган уч жангари бирин-кетин ўзини портлатди. Шаҳарнинг бошқа нуқталарида ҳам, шимолда ва шарқда портлашлар овози эшитилди», дея хабар беришган ҳуқуқ фаоллари.
Бундан ташқари, хавфсизлик хизмати вакиллари икки террорчини ўзини портлатишга улгуришидан олдин отиб ташлаган.
Худди шу вақтда шаҳар ташқарисидаги қишлоқларга жангариларнинг отрядлари ҳужуми уюштирилиб, тинч аҳоли қирғин қилинган. Ҳукумат ҳарбийлари ва кўнгиллилар отишмаларда жангариларни чекинтиришган.
Қишлоқларга ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлганларнинг аниқ сони ҳозирча ҳисобланмади.
Қайд этиш керакки, бу кейинги ойларда Сурияда кузатилган энг йирик ҳужум бўлди.
Охирги вақтларда Башар Асад ҳукумати Россия авиацияси кўмагида Сурия жанубидаги катта ҳудудни қайтариб олганди. Айнан шу ҳудудларда ИШИД худкушлари терактлар содир этиб келмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, Сурияда камида 270 минг киши ҳарбий ҳаракатлар давом этаётгани туфайли ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.


