
17 октябрь куни «Ўзбекистон-Россия таълим форуми»га бағишлаб ташкил этилган матбуот анжуманида вазир ўринбосари Ўзбекистонда фаолияти ташкил этилиши кутилаётган олийгоҳлар ҳақида маълумот берди. Унга кўра, булар орасида «Москва муҳандислик-физика институти» миллий тадқиқотлар ядро университети» федерал давлат автоном ОТМ филиалини ташкил этиш ҳам назарда тутилган.
Бундан аввал, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов18-19 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-Россия таълим форуми сессиялари доирасида умумий ҳисобда 127та келишув имзоланиши кутилаётгани ҳақида хабар берганди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида Россиянинг етакчи олийгоҳларидан бири Москва давлат халқаро муносабатлар институти ("МГИМО") филиалини ташкил қилиш, Тошкент кимё-технология институти базасида эса Россиянинг Д.И.Менделеев номидаги кимё-технология университети филиалини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Форум доирасида шунга доир ҳужжатлар имзоланади. Бундан ташқари, Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти билан Тошкент шаҳрида филиал ташкил этиш бўйича келишувга эришилган.
Маълумот учун, 2018/19 ўқув йилида 13та янги олий таълим муассасаси ташкил этилган бўлиб, шундан 3таси нуфузли хорижий олий таълим муассасалари филиалидир. Иқтисодиётнинг реал секторларида мавжуд эҳтиёжлардан келиб чиқиб 66та замонавий таълим йўналиши ва 48та магистратура мутахассислигида кадрлар тайёрланмоқда.


