Бош прокуратура матбуот хизматининг Kun.uzʼга маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текшириш даврида тушунтириш берган 2011 йилдан буён мактабда ишлаб келаётган 31 ёшли ўқитувчи З.Ж.га кўра, 22 январь куни 1-“Б” синфига машғулот ўтаётган вақтида ўқувчиси Ш.А. дарс вақтида кулиб гаплашиб ўтирганлигини, уни бир неча маротаба тартибга чақиришига қарамай, гаплашиб ўтирганлиги сабабли танбеҳ сифатида бир маротаба юз қисмига уриб юборганлигини айтиб ўтган.

Суд тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, Ш.А. ўғлини ўнг юз юмшоқ тўқимасини лат ейиши ва тери ости гематомаси кўринишидаги тан жароҳати, 6 кундан кўп бўлмаган муддатга бузилишига олиб келадиган ва шу белгисига кўра оғирлик даражаси бўйича соғлиқни қисқа муддатга бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати тоифасига киришлиги аниқланган.

Бундан ташқари, фуқаро З.Ж. жорий йилнинг 23 январь куни Қибрай туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда шу куни соат 08:00 ларда мактаб ўқитувчиларидан бири билан бирга Ш.А.дан хабар олгани борганида, унинг отаси И.А. томонидан ҳақоратланганлигини баён қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қибрай туман ИИБ ХПБ профилактика инспектори Ш.Абдуллаев томонидан 29 январь куни ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ва ўқитувчи З.Ж.нинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 52-моддаси 2-қисми ва ўқувчининг отаси — И.А.нинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланганлиги сабабли уларга нисбатан тўпланган ҳужжатларини Маъмурий ишлар бўйича судга мазмунан кўриб чиқишлик ҳақида қарор қабул қилинган. 

Айни пайтда тўпланган ҳужжатларни маъмурий тартибда кўриб чиқиш учун судга юбориш чоралари кўрилмоқда.