Учрашувда президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга қилган давлат ташрифи давомида имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилгани қайд этилди.

Элчи америкалик мутахассисларнинг ўзбек олий таълим муассасаларида инглиз тили фанини ўқитиш методикасини такомиллаштириш, ўқув режа ва дастурларни тузиш, қолаверса, икки давлат ўртасида академик мобиллик дастурларини йўлга қўйишга қўшаётган ҳиссасини эътироф этди. Шу билан бирга истиқболда малакали кадрлар тайёрлашда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда ҳали жуда катта имкониятлар борлигини айтиб ўтди.

– Сўнгги вақтларда Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари тўқимачилик ва кимё саноати, фармацевтика, архитектура ва қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, машинасозлик, энергетика ва бошқа шу каби техника ва муҳандислик фанлари соҳасида халқаро ҳамкорлик қилишга катта эътибор қаратмоқда, – деди учрашувда Иномжон Мажидов. – Биз АҚШ билан бу йўналишларда Тошкентда АҚШ университетлари филиалини ташкил қилиш ёки кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик қилишга доим тайёрмиз.

Марказий Осиёда биринчи бўлиб Тошкентда Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш марказининг очилиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг мисолидир. Жорий ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлаган Вебстернинг Тошкент филиалида компьютер технологияси, бошқарув ва иқтисод, медиа коммуникациялар, мактабгача таълим соҳасида бакалаврлар тайёрланмоқда.