Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 13 ноябрда АҚШга амалга оширадиган ташрифи давомида Дональд Трамп билан Туркияга Россиянинг С-400 мажмуалари етказиб берилиши, Американинг Patriot тизими ва F-35 қирувчи самолётлари масалаларини муҳокама қилишини билдирди.
"Биз икки томонлама муносабатлар ва минтақадаги вазиятни муҳокама қиламиз. С-400, Patriot, F-35 – албатта кун тартибида бўлади. Мақсадимиз – савдо айланмасини 100 миллиард долларгача етказиш. Шунингдек, ҳарбий саноатдаги қадамларни муҳокама қиламиз. Бизга Patriot сотилмади, биз унга муқобил С-400ни топдик ва бу иш тугади", - деди Эрдўған Венгрияга ташрифи чоғидаги матбуот анжуманида.
У Туркия Patriot тизимини ҳам сотиб олиши мумкинлигини айтди.
"Биз уни сотиб олишга тайёрмиз, таклиф беришсин, кўриб чиқамиз", - деди Туркия раҳбари.
Аввалроқ Ражаб Тоййиб Эрдўған АҚШ президенти Дональд Трамп билан телефон орқали суҳбатда 13 ноябрда АҚШ пойтахти Вашингтонга ташриф буюриш тўғрисида келишиб олгани хабар қилинганди.



