Таъкидланишича, сўнгги кунда Россия пойтахтида вирусдан 1081 та янги касалланиш ҳолати ҳамда 26 та ўлим қайд қилинган.
Шунингдек, шаҳар ФҲДЁлари тантанали тадбирларни ўтказишни қайта бошлаган. Март охиридан Москвада меҳмонларсиз ва фотосуратчиларсиз никоҳдан ўтишгагина рухсат берилган.
Роспотребнадзорнинг янги қоидаларига кўра фитнес-марказларига олдиндан ёзилган ҳолда ташриф буюриш мумкин бўлади. Залларда 1,5 метрлик масофага риоя қилиш учун махсус чизиқлар туширилиши, ҳар бир ташриф буюрувчига 4 квадрат метрдан кам бўлмаган ҳудуд тўғри келиши лозим қилиб белгиланган.
Шунингдек, мэрия болалар боғчаларига одатий ишлаш режимига қайтишга рухсат берган.
Бундан ташқари, болалар майдончалари, кўчада ўрнатилган тренажёрлар очилган. 9 июнда ўзини яккалаш режими бекор қилинганига қарамай, бу объектлардан фойдаланиш тақиқланганди.
Москва-рекада пандемия сабабли бекор қилинган ҳаракатланиш ҳам қайта тикланган.
Шу билан бирга, кўнгилочар муассасалар фаолияти ва оммавий тадбирлар ўтказилишига тақиқ, ижтимоий масофага риоя қилиш, жамоат жойларида ниқоб ва қўлқоплар тақиш талаблари сақланиб қолган.




