Президент Шавкат Мирзиёев 17 июль куни ичимлик суви, канализация, куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор ўтказди.
2018 йил 30 ноябрда «Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, сўнгги икки йилда бу соҳага бюджетдан 3,7 триллион сўм ажратилган.
Бундан ташқари, 48та лойиҳага 1,9 миллиард доллар хорижий кредитлар жалб қилинган.
«Уч йил ичида 3 миллион 600 минг аҳолига сув етказиш режалаштирилиб, маблағ масаласи ҳал қилиб берилган бўлса-да, амалда амалда бор-йўғи 30 фоиз хонадонга сув борган.
Кредит қайтими бюджет зиммасига тушаётгани на тармоқ, на ҳудуд раҳбарларини ўйлантиряпти. Ҳокимлар йирик лойиҳаларни вазирлик қиляпти, деб ўзлари четга чиқиб олган», – дея Шавкат Мирзиёевдан иқтибос келтирди «Ўзбекистон 24».

Йиғилишда берилган топшириққа асосан, эндиликда ҳудудий сув таъминоти корхоналарида кузатув кенгашлари тузилиб, уларга вилоят ҳокимларининг шахсан ўзлари раҳбарлик қилади.
«Ҳокимлар лойиҳалар сифатли бажарилишига, маблағнинг мақсадли сарфланишига ва олинган кредит қайтимига бир хилда жавоб беради», – дейилади хабарда.



