«Ўзбектелеком» АК бош директори ўринбосари Алишер Зуфаров 2020 йилда мамлакат операторлари ва провайдерларига кўрсатиладиган телекоммуникация хизматлари нархларини пасайтириш бўйича қилинган ишлар ҳақида маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, IP-транспорт хизматлари бўйича «Маълумотларни узатиш магистрал ва мултсервис тармоқларини кенгайтириш» лойиҳаси доирасида жорий йилда транспорт тармоғининг ўтказувчанлик қобилияти вилоят марказларигача 2 баробарга (400 Гбит/с. гача), туман марказларигача эса 4 баробарга (40 Гбит/с. гача) оширилган.

«Мазкур лойиҳа бўйича ишларнинг асосий қисми якунлангани муносабати билан 2021 йил 1 январдан транспорт каналларини ижарага бериш хизмати жорий нархи 2 баробарга арзонлаштирилмоқда.

Транспорт тармоғи ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш ва нархларини арзонлаштириш оператор ва провайдерларнинг республикамизнинг чекка ҳудудларида фаолиятини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади», – деди Алишер Зуфаров.

Таъкидланишича, 2020 йил ноябрь ойидан оператор ва провайдерларга халқаро пакетли коммутация маркази (ХПКМ) орқали тақдим этиладиган 1 Мбит/с тезликдаги канал нархи олдинги тарифларга нисбатан 20 фоизга арзонлаштирилиб, 45 022 сўм деб белгиланган.

2021 йил 1 январдан бошлаб мазкур хизмат нархи 40 000 сўмгача арзонлаштирилиши режалаштирилмоқда.