«Бизнинг мақсадимиз ёшларга сифатли таълим олиш имкониятларини яратиш. Бу имкониятлар ҳамма жойда тенг бўлиши керак. Бу нарса шу кунга қадар айниқса олий таълимда жуда ҳам долзарб муаммо эди. Чунки давлат буюртмаси, яъни давлат гранти асосида ўқиш давлат ОТМларига берилар, хусусий ОТМларга берилмас эди.
Президент ташаббуси билан бу йилдан бошлаб давлат буюртмаларини жойлаштиришда нафақат давлат ОТМларига, балки хусусий ОТМларга ҳам жойлаштириш тартиби йўлга қўйилади. Давлат буюртмаси биринчи навбатда таълим сифати юқори бўлган жойга жойлаштирилиши керак. Биз кўрмоқдамизки, бу борада хусусий сектор ўз ишини аъло даражада бажармоқда. Демак, нега буюртмани уларга бермаслигимиз керак? Агар давлатимизга сифатли кадр керак бўладиган бўлса, бундан кейин буюртманинг бир қисмини хусусий секторга ҳам жойлаштириб борамиз. Бу бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Давлат буюртмасини шакллантиришга масъул орган бу Камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳисобланади. Буюртмани шакллантиришдаги асосий тамойил бу - таълим сифати юқори бўлган ОТМлар ҳамда хусусий ОТМлар биринчи навбатда давлат буюртмасини қабул қилади. Бу 2021 йилдан бошлаб жорий этилади», деган у.
Тадбир давомида Kun.uz мухбири пандемия вақтида хусусий мактаблар иқтисодий ва молиявий жиҳатдан қийинчиликларга дуч келишгани, хусусий таълим муассасалари давлатнинг ишини бир қадар енгиллаштираётганини ҳисобга олган ҳолда НТМларга давлат томонидан қандайдир имтиёз ёки ёрдамлар берилиши эҳтимоли ҳақида сўраган.
«Хусусий сектор чиндан ҳам давлат юкини ўз бўйнига олмоқда, айниқса мажбурий таълимда. Шунингдек, улар сифатли таълим бермоқда. Бу бўйича Таълим инспекциясининг позицияси ҳар доим бир хил бўлиб келган. Уларга имтиёзларни кенгроқ яратишимиз керак. Чунки бу бозор бизда энди шаклланиб келмоқда. Агар уларнинг оёққа туриши учун имтиёз ва субсидиялар ҳозирданоқ берилса, бу сектор янада кенгаяди.
Муҳим томони шунда бўлмоқдаки, таълимдаги инновациялар, янгилик ва ўзгаришлар асосан шу сектор орқали давлат ОТМларига ёйилмоқда. Биз буни эътироф этамиз ва ҳар доим буларни янада кенгайтириш бўйича ишларни амалга оширамиз. Бу бўйича ишлар тўхтаб қолгани йўқ», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.


