Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Фозил Фарҳоднинг маълум қилишича, хиёбондаги адибларнинг ҳайкаллари бронзага ўтказилгач, гипсдан ясалган вариантлари олиб чиқиб кетиш учун боғнинг бир четига тўплаб қўйилган бўлган.
2021 йил 11 феврал куни уюшма сўровига кўра Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан бу гипс ҳайкаллар олиб кетилган.
Бадиий академия расмийларининг маълум қилишича, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Ҳайкалтарошлик йўналиши талабалари мазкур ҳайкаллардан кўргазмали восита сифатида фойдаланади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда Адиблар хиёбони 2020 йил май ойи охирларида очилганди. Президентнинг 2017 йил 18 апрелда тегишли қарори қабул қилиниб, хиёбоннинг меъморий-ғоявий лойиҳаси ишлаб чиқилган. Шундан сўнг 8 гектардан зиёд майдонда Адиблар хиёбонининг яхлит меъморий ансамбли яратилди. Хиёбонни ғоявий-бадиий жиҳатдан янада бойитиш мақсадида Бобур, Огаҳий, Бердақ, Муқимий, Фурқат, Беҳбудий, Авлоний, Чўлпон, Қодирий, Тўлепберген Қайипбергенов, Ибройим Юсупов, Александр Файнберг сингари атоқли намояндалар хотирасига бағишланган янги ёдгорлик мажмуалари барпо этилди.



