Kun.uz мухбири хабарига кўра, сессияда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси ўринбосари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари иштирок этмоқда.
Маълум бўлишича, 2019 йилда 10 млн нафардан ортиқ одам сил касаллигини юқтириб олган ва шу бир йилнинг ўзида 1,4 млн одам шу касалликдан вафот этган. Ўлим кўлами бўйича коронавирусни ҳам ортда қолдирадиган бу касаллик билан бутун дунёда курашилади. 1982 йил 24 мартдан буён шу сана “Халқаро силга қарши курашиш куни” сифатида нишонланади.
Сессияда иштирок этаётган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров шундай маълумотлар берди:
“Ўзбекистонда силга қарши курашиш бўйича алоҳида қонун бор. Унга кўра бу касалликни даволаш бюджет ҳисобидан амалга оширилади. Нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки давлатимиз ҳудудида бўлган чет эл фуқаролари ҳам суғурта сўралмаган ҳолда беғараз даволанади. Айни пайтда республика бўйича 17та фтизиатрия масканлари ташкил этилган ва реконструкция қилинган. Бу масканлар мутахассислари коронавирусга қарши курашда ҳам катта ёрдам қилишди. Умуман, сил касаллигига қарши курашда профилактиканинг аҳамияти жуда катта.
Сил касаллигига қарши курашда дорилар тўлиқ бюджет ва халқаро грантлар ҳисобидан таъминланади. Умуман, туберкулёзни даволаш учун 23 хил дори воситаси қўлланилса, шундан 8таси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади, йил охирига қадар яна иккита дори воситаси қўшилади ва жами 10 хил дори ўзимизда ишлаб чиқарилган бўлади”, деди вазир ўринбосари.



