Кўчирилган мумиёлар орасида милоддан аввалги XV асрдан XII асргача ҳукмдорлик қилган Секененра Таа II’дан бошлаб Рамзес IX’гача бўлган фиръавнлар жасади бор. Маросимни дунёнинг 400га яқин телеканали намойиш қилган. Унда Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий ҳам иштирок этган.

Очиқ осмон остида ўтган тантанали маросим учун пандемия сабабли киритилган чекловлар ҳам бекор қилинган. Ташкилотчилар томонидан “Фиръавнларнинг олтин паради” деб номланган маросим Қоҳира вақти билан соат 20да бошланган. Ҳар бир мумиё махсус транспорт воситасида қадимий жанг аравалари ҳамроҳлигида ташилган. Умумий ҳолда кортежни 60 та мотоцикл, 150 та от ва мусиқий ансамбл кузатиб борган.

Мумиёларни ташқи таъсирлардан ҳимоялаш учун улар азот билан тўлдирилган махсус қутиларга жойлаштирилган. “Мумиёлар паради” Мисрнинг бош сув артерияси – Нил дарёси бўйлаб ўтган.

Кейинги 2 ҳафта давомида мумиёлар NMEC лабораториясида сақланади ва улар Мумиёлар залида 18 апрелдан намойиш килиниш учун тайёрланади.

Бироқ баъзи мисрликлар мамлакатда охирги кунлар юз берган бир нечта бахтсиз ҳодисани мумиёларнинг кўчирилиши билан боғлашмоқда. Уларнинг фикрича, 32 кишининг умрини олиб кетган темир йўл ҳалокати, Қоҳирада 23 қурбонга олиб келган уй қулаши ҳамда Сувайш каналида улкан кеманинг тиқилиб қолиши “безовталанган фиръавнларнинг қарғиши” сабабли юз берган.