Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Заркент қишлоғи аҳолиси шу қишлоқдаги Абу Ҳанифа номли масжид имоми Нишонбой Аҳмадалиев фаолиятидан норози бўлиб келган. Маълум қилинишича, масжид имомининг одоби ҳам қолганларга ибрат бўладиган даражада эмас. У жаҳли чиққан вақтларида, кўпчиликка қарата “любойингни устингдан ваҳҳобий деб ёзиб тиқтириб (қаматиб) юбораман”, деб дағдаға қилиб келган.
1 апрел куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида одоб-ахлоқ ҳайъатининг мажлиси бўлиб ўтган. Йиғилишда Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Абу Ҳанифа номли масжид имоми Нишонбой Аҳмадалиев ҳам шахсан иштирок этган. Ҳайъат аъзоларининг халқ орасида у ҳақида юрган гап-сўзлар ҳамда фактлар бўйича саволларига имом тайинли жавоб бера олмаган.
У янги ишга келганидан то шу кунгача қишлоқ аҳли уни суймаганини, узоқ жойда яшаши учун қийналаётганини, асаби жойида эмаслигини билдириб ўтган. Сўкинганини эса очиқ тан олган.
Ҳайъат аъзолари вазиятни атрофлича ўрганиб, бир овоздан Н. Аҳмадалиев имомликка лойиқ эмас, деган қарорга келган. Бу борада тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилаётгани маълум қилинган.


