Le Figaro газетасининг ёзишича, унинг ўлими ҳақида мамлакат қуролли кучлари расмий вакили Азем Бермандоа Агуна маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, президент «мамлакат ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун жонини берган».

AFP нашрининг ёзишича, якшанба куни президент Ливия томондан бостириб кирган айирмачиларга қарши ҳарбий ҳаракатларда армияга бошчилик қилганди. Шимолдан ҳужум 11 апрел куни, Чад президентлиги сайловлари бўлиб ўтган кунда бошланганди. Исёнчилар мамлакат ичкариси томон юзлаб километр масофага кириб келиб, пойтахт Нджаменага яқинлашгач, Деби армияга қўшилганди.

Марказий сайлов комиссияси Идрис Деби олтинчи марта президентликка сайлангани ҳақида эълон қилишидан бир неча соат ўтиб ҳарбийлар унинг вафоти ҳақида маълум қилишди. Сайловларда уни сайловчиларнинг 79 фоиздан ортиғи қўллаб-қувватлагани маълум бўлган. Бу ғалаба унга яна олти йил давомида ҳокимиятда қолиш имконини берган бўларди.

Кейинги 18 ой мобайнида мамлакатни бошқариб турадиган ўтиш даври кенгашига Идрис Дебининг 37 ёшли ўғли Махамат раҳбарлик қилади.

  • Идрис Деби Итно — Африкадаги энг узоқ вақт давомида раҳбарлик қилиб келаётган давлат раҳбарларидан эди. У 1990 йил декабрида давлат тўнтариши орқали ҳокимиятга келганди. Унинг бошқаруви даврида мухолифат президентни қатағонларда айблаган. Reuters агентлиги хабарига кўра, 2018 йилда Деби конституцион ислоҳот ўтказган, бу ўзгартиришлар унга ҳокимиятда 2033 йилга қадар бўлиш имконини берарди. Ғарб давлатлари, шу жумладан, Франция Дебини минтақадаги радикал экстремистик кучларга қарши курашдаги иттифоқчи сифатида биларди.