Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган «Қорадори-2021» тезкор профилактик тадбири давомида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Қайд этилишича, тадбир давомида Китоб тумани истиқомат қилувчи фуқаро Ё.Қ.нинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, хонадон томорқасида 7 туп наша ўсимлиги ва 143 туп кўкнор ўсимлиги қонунга зид равишда парваришлаб келаётгани аниқланган. 

Шунингдек, ушбу туманда истиқомат қилувчи фуқаро Т.Г.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, яшаш хоналарида махсус ёғоч қутилардан тайёрланган идишларда 7 туп гиёҳванд ўсимликлар парваришлаб келаётгани аниқланган.

Таъкидланишича, ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан ҳар икки шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.