Бу – 6 июл куни имзоланган, коррупцияга қарши курашишга доир президент фармонида назарда тутилган.

Реестрга киритилган шахсларга қуйидагилар тақиқланади:

  • давлат хизматига қабул қилиниш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиш;
  • сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзод кўрсатиш;
  • давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзолигига кириш;
  • уларнинг тадбиркорлиги давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик битимида иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиши; давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этиши;
  • давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиш.

Реестр ва унга тааллуқли чекловларга оид қонун лойиҳаси 3 ой муддатда Президент Администрациясига тақдим этилади. Реестрга ушбу қонун қабул қилинганидан кейин коррупцион жиноят содир этган шахслар киритилади.