Маълум қилинишича, жорий йил 26 июль куни Самарқанд вилоятининг туман ва шаҳарларида меҳрибонлик уйида тарбияланган ёшларнинг 26 нафарига янги уй-жойлар жиҳозланган ҳолда топширилган. Жумладан, меҳрибонлик уйларида тарбияланган 10 нафар йигит-қизга Жомбой туманидаги кўп қаватли уйдан квартиралар берилган. Уйларни топшириш маросимида вилоят ҳокими Э.Турдимов ҳам қатнашган.

Қайд этилишича, жорий йилда Самарқанд вилоятида 59 нафар чин етимларни уй-жой билан таъминлаш кўзда тутилган. Аммо ўрганиш жараёнларида вилоятда бундай ёшлар 84 нафар экани маълум бўлган. 26 июль куни уларнинг 26 нафарига вилоят ҳокимлиги ва саховатпеша тадбиркорлар томонидан 6 миллиард сўм маблағ сарфланиб, янги уйлар топширилган. Таъкидланишича, жорий йил 1 октябргача қолган 58 нафар чин етим бўлган йигит-қизларга ҳам уй берилади.

Маълумотларга кўра, 2020 йилда Самарқанд вилоятида меҳрибонлик уйларида тарбияланган ёшларнинг 20 нафарига янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан хонадонлар ажратилган ва жами 2 миллиард сўм бошланғич тўлови тўлаб берилган. Шунингдек, яна 12 нафар йигит-қизлар ҳокимлик томонидан 1 ва 2 хонали уйлар билан таъминланган. Бундан ташқари, меҳрибонлик уйида тарбияланган, аммо ўз уй-жойига эга бўлган ёшларнинг хонадонлари ҳокимлик ва ҳомийлар кўмагида таъмирлаб берилмоқда.