Ўзбекистонлик паралимпиячилар Токио шаҳрида ўтаётган паралимпия ўйинларидаги иштирокини якунлади. Мусобақа давомида жами 19 та медал қўлга киритилди.
4 сентябр куни дастлаб пара-енгил атлетиканинг F54 тоифасида Нурхон Қурбонова кумуш медалга сазовор бўлди. У 18,38 метр натижа қайд этди.
Қурбонова аввалроқ ядро улоқтириш секторида бронза медалини ҳам қўлга киритганди.
Кун якунида пара-таеквондочи Гулжаной Наимова Ўзбекистоннинг Токио-2020 Паралимпия ўйинларидаги иштирокига олтин медал билан якун ясаб берди.
Наимова Бразилия вакилига қарши кечган баҳсда 8:4 ҳисобида ғалаба қозониб, олтин медал соҳибасига айланди.
Шу тариқа, Ўзбекистон Токио-2020 Паралимпия ўйинларини 19 та медал: 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза билан якунлади.
Эртага, 5 сентябр – паралимпиаданинг якуний кунида 5та спорт тури бўйича мусобақалар ўзбекистонлик спортчилар иштирокисиз ўтади.
Айни пайтда Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида 16-ўринни эгаллаб турибди.




