Италия: Шомуродовда ассист, «Рома» А Серияда 1-ўринга кўтарилди 

Италия чемпионати 3-турида «Рома» ўз майдонида «Сассуоло»ни қабул қилиб, қўшиб берилган дақиқаларда ғалабани илиб кетди.  

Биринчи бўлимда Кристанте ҳисобни очди, иккинчи бўлим бошида Журичич мувозанатни тиклади. 74-дақиқада Дзаньоло ўрнига захирадан майдонга тушган Шомуродов 90+1-дақиқада жарима майдони ичида Эль-Шааравини тўп билан таъминлади, Стефан эса супергол уриб, римликларга муҳим 3 очкони келтирди.   

Натижада, «Рома» очколарини 9тага етказиб, тўплар нисбатига кўра А Серияда пешқадам бўлиб олди. Римликлар навбатдаги ўйинда пайшанба куни Европа Конференциялар лигаси 1-тури доирасида Болгариянинг ЦСКА клубига қарши майдонга тушишади.

Молдова: Яхшибоев дебютида гол ва ассистга муаллифлик қилди 

Молдова миллий дивизиони 9-тури доирасида «Шериф» ўз майдонида «Петроклуб» жамоасини қабул қилиб, 2:0 ҳисобида зафар қучди. 

Шу куни Тирасполь клуби сафида Жасур Яхшибоев ўз дебютини ўтказди. Ўзбекистонлик 24 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи захирадан майдонга тушиб, 71-дақиқада голга ассистентлик қилган бўлса, 77-дақиқада янги клубидаги илк голини киритди. 

«Шериф» навбатдаги ўйинни Европа Чемпионлар лигаси 1-тури доирасида ўз майдонида «Шахтёр»га қарши ўтказади. Баҳс чоршанба куни соат 21:45да бошланади. 

Россия: Иброҳимхалил Йўлдошев тўп сурган ўйинда клуби камбэк уюштирди 

Россия Премьер-лигаси 7-тури доирасида Иброҳимхалил Йўлдошев тўп сураётган «Нижний Новгорд» клуби иродали ғалабага эришди. 

Кержаков шогирдлари Москвага сафар уюштириб, мағлубиятга учраётганига қарамай, камбэк қайд этди – 1:2. Ўзбекистонлик ҳимоячи шу куни 73 дақиқа тўп сурди. Дебютант жамоа 7-турдан кейин 11 очко билан турнир жадвалида 6-ўринга кўтарилди.

Остон Ўрунов қайдномада ҳам йўқ

РПЛдаги яна бир ўзбекистонлик футболчи Остон Ўрунов бу сафар «Уфа» клубининг қайдномасидан жой олмади. Бошқиртистон клуби Сочига сафар уюштириб, 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. «Уфа» 5 очко билан 13-ўринда бормоқда. 

Қозоғистон: Игорь Сергеев ва «Тобол» - пешқадам 

Қозоғистон чемпионатида тўп сураётган Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев ушбу турда жамоаси билан зафар қучди.

20-турда «Тобол» сафида «Каспий» клубига қарши 46-дақиқада захирадан майдонга тушган Игорь Сергеев ва унинг жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, 20 ўйиндан кейин 45 очко билан турнир жадвали пешқадамига айланиб олди. 

Беларус: Умаров ва Абдухолиқов захирадан майдонга тушди 

Беларус Олий Лигаси 22-тури доирасида ўзбекистонлик футболчилар жамоалари сафида майдонга тушишди. 

БАТЭ сафарда «Сморгон» клубини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу баҳсда борисовликлар сафида Шаҳбоз Умаров 70-дақиқада майдонга тушди. 

«Энергетик» эса ўз майдонида Минскнинг «Динамо» клубига ютқазиб қўйди. Шу куни мезбонлар сафида Мамаду Диалло ўрнига 32-дақиқада майдонга тушган Бобур Абдухолиқов бу сафар ҳам жамоасини мағлубиятдан қутқариб қололмади – 0:1. 

Умаров тўп сураётган БАТЭ 48 очко билан Беларус Олий лигасида 1-ўринда бораётган бўлса, Бобур Абдухолиқов ва Шаҳзодбек Убайдуллаев тўп сураётган «Энергетик-БГУ» 24 очко билан 12-ўриндан жой олган. 

Жанубий Корея: Искандеров захирадан майдонга тушди, Ашурматов йўқ 

Жанубий Корея К-лигасида 29-тур якунланди. Ҳамюртимиз Жамшид Искандеров тўп тепаётган «Сённам» ўз майдонида «Сеул»ни қабул қилди.

1:1 ҳисобида якунланган учрашувнинг 66-дақиқасида Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси захирадан майдонга тушди.  

Яна бир баҳс «Сувон» ва «Канвон» ўртасида ўтиб, унда мезбонлар 1:0 ҳисобида зафар қучишди. Шу куни меҳмонлар сафида Рустам Ашурматов қайдномага киритилган бўлса-да, ўйинга туширилмади. «Сённам» турнир жадвалида 28 ўйиндан кейин 28 очко билан 10-ўриндан жой олган бўлса, «Канвон» 25 ўйиндан кейин 27 очко билан 12 клуб орасида 11-ўринни эгаллаб турибди.

Кувайт: Сардор Рашидовнинг дебюти омадли чиқди 

Ёзда «Кувайт СК» клуби аъзосига айланган Сардор Рашидов дам олиш куни янги жамоасидаги дебютини ўтказди. 

Кувайт Амир кубоги нимчоракфинали доирасида «Кувайт СК» «Ас-Сахел» клубига қарши саф тортиб, 1:0 ҳисобида зафар қучди ва 1/4 финалга йўлланма олди. 

Шу куни мезбонлар сафида асосий таркибда майдонга тушган Сардор Рашидов 80-дақиқагача тўп сурди.  

ОФК Кубоги ғолиблиги учун кураш олиб бораётган «Кувайт СК» 21 сентябрь куни яримфинал доирасида Иорданиянинг «Ас-Салт» жамоасига қарши майдонга тушади.

БАА: Шукуровда 90 дақиқа, «Шаржа»дан камбэк. Навбат ОЧЛ ўйинига 

БАА Про лигаси 3-тури доирасида ўзбекистонлик яримҳимоячи Отабек Шукуров тўп сураётган «Шаржа» жамоаси «Ал Васл» устидан қийин ғалабага эришди. Ўйин давомида 1:2 ҳисобида ютқазаётган шаржаликлар камчиликда бўлишларига қарамай, ўйин охирига қадар ҳисобни 3:2га ўзгартиришди. Шу куни Шукуров 90 дақиқа тўп суриб, жамоасининг фаол ўйинчиларидан бири бўлди. Клуб 3 турда 9 очко жамғариб 2-ўринда бормоқда. 

Отабек Шукуров ва «Шаржа» чоршанба куни ОЧЛ нимчоракфинали доирасида «Ал Ваҳда»га қарши майдонга тушади.

Ушбу турнирдаги яна бир вакилимиз Жалолиддин Машарипов тўп сураётган Саудия Арабистонининг «Ан-Насср» клуби эса сешанба куни Қатарда Эроннинг «Тракторсози» жамоасига қарши майдонга тушади.