Маълум бўлишича, 12 декабрь куни Экология қўмитасининг Нукус шаҳар, Тахиатош, Тахтакўпир тумани инспекторлари Тахтакўпир туманида тезкор рейд тадбирини ўтказган. Унда соат тахминан 14:00ларда Тахтакўпир тумани "Қоныраткол" ОФЙ чўл ҳудудида инспекторлар томонидан номаълум шахслар “Уаз 469” русумли ранги кулранг автомашина билан турганлиги аниқланган.

Фото:  Қорақалпоғистон Экоқўмитаси матбуот хизмати

Номаълум шахслар инспекторларнинг яқинлашаётганлигини кўриб, воқеа жойидан яширинган. Инспекторлар номаълум шахсларнинг 5 км масофагача изидан борган. Шунга қарамай браконьерлар инспекторлардан қочиб кетишга улгурган.

Тахтакўпир тумани чўл зонасининг “Тасберген” кран атрофида инспекторлар томонидан номаълум шахслар турган жой кўздан кечирилганда воқеа жойига отилган патрон гилзаси, идиш-товоқ, хўжалик буюмлари бўлган пичоқ, болта, ёқилғи, кийим-бошлар ҳамда “Қизил китоб”га киритилган 14 бош жайрон, 5 дона ёввойи қуён жасадлари ташлаб кетилгани аниқланган.

Фото:  Қорақалпоғистон Экоқўмитаси матбуот хизмати

Давлат инспекторлари томонидан ушбу ҳолат юзасидан тегишли тартибда далолатнома тузилиб, воқеа жойи видеотасвирга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан олдин Устюрт текислигида 11 бош жайронни овлаган браконьерлар 4 йил муддатга қамалганди.

UPD: Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётгани, натижаси ҳақида қўшимча хабар қилинишини маълум қилди.