Ахбор Имомхўжаев 1936 йилнинг 19 февралида Тошкентда таваллуд топган. У 1954–1956 йилларда Тошкент вилояти Педагогика билим юртида таълим олган, 1959–1963 йилларда Жисмоний тарбия институти футбол бўлимини тугатган.

Фаолиятининг дастлабки йилларида мактабларда жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Кейинчалик ҳакамлик, шарҳловчилик ва спорт журналисти сифатида фаолият кўрсатган. 

Умрининг 60 йилдан ошиқ қисмини ўзбек футбол ривожи ва ўзбек спорти журналистикасига бағишлаган Ахбор Имомхўжаев 1996 йилда «Шуҳрат» медали, 2006 йилда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи фахрий унвонига сазовор бўлган. Шунингдек, Турон фанлар академиясининг академиги ва Ўзбекистон журналистларининг «Олтин қалам» миллий мукофоти совриндори бўлган.

Ахбор Имомхўжаев ўзбек футболига оид қатор китоблар муаллифи ҳам ҳисобланади. Унинг «Футбол қувончим, дардим, фахрим», «Мафтунингман футбол», «Ўзбегимнинг Миржалоли», «Аср футболидаги асл қадрдонларим» каби китоблари нашр этилган.