Форумни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ва Тожикистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид очиб берди.

Яқин келажакда ўзаро савдони ривожлантириш ва саноат кооперациясини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида тез орада “Ойбек” ва “Фотехобод” назорат пунктларининг ёнида “Ўзбекистон – Тожикистон” чегараолди савдо-саноат зонасини ташкил қилиш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Унда ишлаб чиқариш объектлари, логистика марказлари ва зарур инфратузилма жойлашган бўлади.

Мамлакатларнинг енгил саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, электротехника, тоғ-кон саноати ва энергетика каби соҳаларда саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш борасидаги ишларни фаоллаштириш нияти билдирилди. 2021 йилда хусусий сектор лойиҳаларини қўллаб-қувватлашнинг самарали воситаси сифатида ташкил этилган Ўзбекистон-Тожикистон инвестициявий компанияси имкониятлари таъкидланди.

Тадбир доирасида “B2G” ва “B2B” форматидаги иштирокчиларнинг мақсадли учрашувлари ўтказилди. Форум якунлари бўйича 1062,6 миллион долларлик 75 савдо-иқтисодий ҳужжат имзоланди.