Ёшлар куни муносабати билан бўлиб ўтаётган тадбирда президент Шавкат Мирзиёев интернетда ўзбек миллий контентини яратиш ва ривожлантириш учун 10 млрд сўм маблағ ажратилишини айтди.

«Ҳозир википедия тармоғида Ўзбекистон ҳақида 10 мингтадан ортиқ мақолалар борлигини эшитиб хурсанд бўлдим.

Ана шу тажриба асосида, интернет тармоғида ўзбек миллий контентини ривожлантириш дастури амалга оширилади», деди давлат раҳбари.

Қайд этилишича, Ўзбекистон тарихини матнли ва видео контентлар орқали тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилади ва 100 нафар буюк ўзбек аллома ва мутафаккирларнинг интернетдаги маълумотлар базасини яратиш, уларнинг асарларини оммалаштирилади.

«Википедияда ўзбек тилидаги мақолалар сонини 100 мингтага етказиш ва хорижий тилларда ҳам Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш яхши самара бериши шубҳасиз.

Ушбу мақсадлар учун 10 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Бундай тадбирларга, билимли ва шижоатли волонтёр ёшларни жалб қилиш ҳамда уларнинг фаолиятини тизимли равишда рағбатлантириб бориш лозим», –  деди Шавкат Мирзиёев.