Пулли хизмат таълим муассасалари спорт иншоотларидан фойдаланиш орқали аҳоли жисмоний тарбия ва спорт соҳасига бўлган эҳтиёжини қондириш, ушбу соҳада хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, спорт иншоотлари моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда пулли хизмат кўрсатувчи тренерлар меҳнатини рағбатлантириш учун қўшимча маблағлар жалб қилиш мақсадида ташкил этилади.
Спорт иншоотида ташкил этиладиган пулли хизмат кўрсатувчи спорт тўгараклари тўғрисида таълим муассасалари томонидан аҳоли, ўқувчи-ёшлар ва талабалар ўртасида оммавий ахборот воситалари, интернет орқали ва бошқа шаклда тарғибот ишлари олиб борилади.
Тарғибот ишлари натижалари бўйича спорт тўгаракларида шуғулланиш истагида бўлганлар тўғрисида таълим муассасасида доимий янгилаб бориладиган маълумотлар базаси шакллантирилади.
Спорт тўгараклари шуғулланувчилар эҳтиёжларидан келиб чиқиб таълим муассасалари томонидан шакллантирилган маълумотлар базаси асосида ва тренерлар ихтисослигини инобатга олган ҳолда ташкил этилади.
Пулли хизмат кўрсатганлик учун тўлов миқдори тренер томонидан таълим муассасаси раҳбарияти билан келишилган ҳолда белгиланади. Таълим муассасаси раҳбари режалаштирилаётган пулли хизмат тури, ҳажми ва уни бажариш харажатлари, тасдиқланган нархлар ва тарифлардан келиб чиқиб, спорт иншоотларида кўрсатиладиган пулли хизмат даромадлар ҳамда харажатлар сметасини тузади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди.
Кам таъминланган оилалардан тўгаракка борадиганларга тўловлар 50 фоизга камайтирилади. Бунда оиланинг кам таъминлангани “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” орқали аниқланади.
Бир оиладан 2 ёки ундан кўп фарзанд иштирок этганда, тўловлар имтиёзли равишда ҳар бир бола учун 70 фоиз миқдорида қўлланилади.



