Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик субъектлари бўлмаган айрим юридик шахсларни ташкил этиш ва тугатишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатадиган юридик шахслар бирлашмаларини, адвокатлик тузилмаларини ҳамда уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш автоматлаштирилган тизими орқали амалга оширилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- давлат органлари ва муассасаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва давлат органларини тугатиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш маъмурий регламенти;
- юридик шахслар бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш маъмурий регламенти;
- адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш маъмурий регламенти;
- уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш маъмурий регламенти.
Давлат рўйхатидан ўтказиш учун юридик шахслар давлат хизматлари марказларига ариза билан мурожаат қилади, сўровномани тўлдиради. Аризага таъсис этиш тўғрисидаги ҳужжатларни (устав, йиғилиш баённомаси), давлат божи тўлангани тўғрисида квитанцияни илова қилиш зарур.
Қарорда ариза шакллари, сўровномалар, аризани кўриб чиқиш схемалари кўриб чиқиш ва рўйхатдан ўтказиш вақтлари кўрсатилган ҳолда келтирилган.
Ҳужжат билан тадбиркорлик субъектлари бўлмаган айрим юридик шахсларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Давлат органларини юридик шахс сифатида тугатиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки ваколатли давлат органлари ҳужжати (қарор, буйруқ ва ҳоказо) асосида амалга оширилади. Тадбиркорлик субъекти бўлмаган юридик шахсларни ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор таъсис ҳужжатларида бунга ваколат берилган юқори турувчи орган томонидан қабул қилинади.
Қарорда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади: тугатилаётган юридик шахс тўғрисидаги маълумотлар; тугатувчи ҳақидаги маълумотлар; юридик шахсни тугатиш сабаби ва мўлжалланаётган тугатиш муддати.
Юридик шахсларни тугатиш бўйича солиқ органлари, давлат статистика органлари, Мажбурий ижро бюроси бўлинмалари ҳамда тижорат банклари билан ўзаро маълумот алмашиниш тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш автоматлаштирилган тизими воситасида амалга оширилади.


