Қонун лойиҳаси мазмуни қуйидагилардан иборат:

“Давлат божи тўғрисида” қонун иловаси “Давлат божи ставкалари миқдорлари” 33-банди йўлдош алоқа тармоқларини лойиҳалаш, қуриш, фойдаланиш ва хизматларини кўрсатиш билан тўлдирилмоқда ва ушбу фаолият учун давлат божи миқдорлари белгиланмоқда, жумладан:

  • транкли, радиотелефон, йўлдош алоқа тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларга хизматлар кўрсатиш – БҲМ 135 баравари;
  • транкли, радиотелефон, йўлдош алоқа тармоқларини лойиҳалаштириш – БҲМ 10 баравари;
  • транкли, радиотелефон, йўлдош алоқа тармоқларини қуриш фаолиятини амалга ошириш – БҲМ 20 баравари;
  • транкли, радиотелефон, йўлдош алоқа тармоқларидан фойдаланиш – БҲМ 30 баравари;
  • транкли, радиотелефон, йўлдош алоқа тармоқларига хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш – БҲМ 80 баравари.

“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида” қонун 1-илова 32-позицияси 9-, 10-, 11-, 12-сатрлари йўлдош алоқа тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланиш ва хизматларини кўрсатиш билан тўлдирилмоқда, жумладан:

  • кўчма радиотелефон (радиотелефон, транкли, йўлдош) алоқа тармоқларини лойиҳалаштириш;
  • кўчма радиотелефон (радиотелефон, транкли, йўлдош) алоқа тармоқларини қуриш;
  • кўчма радиотелефон (радиотелефон, транкли, йўлдош) алоқа тармоқларидан фойдаланиш;
  • кўчма радиотелефон (радиотелефон, транкли, йўлдош) алоқа тармоқлари хизматларини кўрсатиш.

Қонун лойиҳаси қабул қилиниши орқали қуйидаги асосий мақсадларга эришилади:

  • Ўзбекистон ҳудудида замонавий йўлдош алоқа тизимларидан фойдаланиш учун рухсат бериш тартиби белгиланади;
  • республика ҳудудига йўлдош алоқа тизимлари ускуна ва терминаллари қонуний асосда олиб кириш ва фойдаланишга имконият яратилади;
  • йўлдош алоқа тизимларини қонуний асосда тезкор-қидирув тадбирлари тизимларига уланиш масалалари ҳуқуқий ечимини топади;
  • республикада глобал кўчма йўлдош алоқа тармоқлари хизматларидан (Starlink, Globalstar, OneWeb, Thuraya, Iridium, Inmarsat ва бошқалар) қонуний асосда, хавфсизлик талабларини бажарган ҳолда фойдаланиш имкониятлари яратилади ҳамда улардан ноқонуний фойдаланишга эҳтиёж қолмайди;
  • йўлдош алоқа тизимларидан узоқ ва бориш қийин аҳоли масканларида, аҳоли яшамайдиган, чегара олди ҳудудларда, фавқулодда ҳолатларда фойдаланишга шарт-шароитлар яратилади.