Вазирлар Маҳкамасининг “Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини берганлик учун тушаётган маблағлардан фойдаланиш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжатда айтилишича, ҳозирда автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари ишлаб чиқариш учун давлат бюджети томонидан етарли маблағ ажратилмагани сабабли фуқароларга ўз вақтида автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари ишлаб чиқариб беришда қийинчиликлар юзага келмоқда.
Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан 2021 йил тўққиз ойи давомида автотранспорт воситаларига 475 минг жуфт рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари расмийлаштирилган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йил ўтган тўққиз ойида 626 минг жуфтни ташкил қилган ёки 31,7 фоизга ошгани ҳолати фуқаролар давлат рақами белгиларига бўлган эҳтиёжлари йилдан йилга кўпайиб бораётганидан далолат беради.
Қарор лойиҳаси билан:
- жисмоний ва юридик шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш ставкалари суммаси 2022 йил октябрь ойидан йил якунига қадар 50 фоиз ажратмалари ИИВ ЙҲХХнинг алоҳида бюджетдан ташқари ҳисобрақамига йўналтирилиши;
- Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бюджетдан ташқари алоҳида ҳисоб рақамига тушган маблағлар қатъий равишда мақсадли тартибда Uzavtomotobelgi ДУКда ишлаб чиқарилган автомототранспорт воситалари ва улар тиркамалари (ярим тиркамалари)ни рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини сотиб олиш учун фойдаланилиши белгиланмоқда.
Лойиҳада Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бюджетдан ташқари алоҳида ҳисоб рақамидаги маблағлар қолдиғи календарь йил охирида республика бюджетига ўтказилиши тартиби ҳам белгилаб берилмоқда.



