Вазирлар Маҳкамасининг “Қонун ҳужжатлари бузилгани учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Вазирлар Маҳкамаси қарорига ҳамда қарор 1-иловасига транспорт воситаларини тўхташ жойларига қўйиш ҳамда сақлаш бўйича танлаб олинган юридик шахсларга мўлжалланган “Жарима майдончаси” ахборот тизимини ишлаб чиқиш, босқичма-босқич ишга тушириш, транспорт воситасини тўхташ жойига жойлаштириш тўғрисида ваколатли ходим томонидан қарор қабул қилинганда транспорт воситалари “Жарима майдончаси” ахборот тизими орқали тўхташ жойларига олиб бориш тартибини электрон тарзда амалга ошириш бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қарор 2-иловаси янги таҳрирда баён этилиб, унда ушланган транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун юридик шахсларни танлаб олиш очиқ тендерлар шаклида амалга оширилиши белгиланмоқда.
Тендерлар Ички ишлар вазирлиги қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ваколатли давлат органлари томонидан ушланган транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш ахборот тизими орқали ўтказилади. Ички ишлар вазирлиги ва унинг тегишли ҳудудий бўлинмалари тендерларни ташкиллаштириш ва ўтказиш бўйича ҳамда юридик шахслар билан тузиладиган шартномаларга масъул ҳисобланади.
Тендерларда иштирок этиш учун қатнашчилар томонидан белгиланган тартибдаги ариза ҳамда керакли ҳужжатлар тўлдирилади ва электрон тартибда расмийлаштирилади. Қатнашчилар электрон тизимга киритган маълумотларидан автоматик равишда тендер ғолиби аниқланади ва тендер ташкилотчилари тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари билан биргаликда ғолиб транспорт воситаларини сақлаш учун тайёрлаган жойини текширади ва ғолиб билан шартнома тузилади.
Қарор 3-иловасида кўрсатилган транспорт воситаларини сақлаш жойлари транспорт воситаларини сақлаш учун мўлжалланган тўхташ жойларини жойлаштириш ва жиҳозлашга қўйиладиган талабларга кузатув камераси билан жиҳозлаш талаби қўшилмоқда.



