Беларус Миллий мажлиси (Беларус парламенти қуйи палатаси) Вакиллар палатаси депутатлари мансабдор шахсларга давлатга хиёнат қилганлик учун ўлим жазосини жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини иккинчи, якуний ўқишда маъқуллади. Ҳужжат шунингдек, «давлатга қарши» жиноятлар учун 500 дан 50 000 базавий бирликкача (бир базавий бирлик 37 Беларус рублига ёки Беларус Миллий банкининг амалдаги курси бўйича 980 Россия рублига тенг) жарималарни белгилайди.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида айғоқчилик ва давлатга хиёнат каби бир қатор «давлатга қарши жиноятлар» бўйича гумонланувчиларни ҳибсда сақлаш муддатини 10 суткагача, айблов эълон қилиш муддатини эса – ҳибсга олинган пайтдан бошлаб 20 суткагача ошириш кўзда тутилган. Бу амалдаги қонунчиликда бундай ҳолларда назарда тутилган 72 соатнинг «етарли эмаслиги» билан изоҳланади. Шунингдек, «Беларус қуролли кучлари, бошқа қўшинлари ва ҳарбий тузилмаларини обрўсизлантирадиган ёлғон маълумотни била туриб тарқатиш» учун жавобгарлик жорий этилади.
Энди ҳужжат Беларус парламентининг юқори палатаси - Республика кенгаши томонидан ҳам тасдиқланиши керак. Шундан сўнг у имзолаш учун мамлакат раҳбари Александр Лукашенкога юборилади.
Беларус парламенти қуйи палатаси матбуот хизмати қонунчиликдаги ўзгаришдан мақсад «бузғунчи элементларга тўсқинлик қилиш ва таъсир кўрсатиш, шунингдек, давлатга хиёнат қилишга қарши қатъий курашни намойиш этиш» эканлигини таъкидлади.



