Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон бир томонлама равишда АҚШга алоқаларни узиш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда The Washington Post газетаси Америка разведкасининг газета ихтиёрига келиб тушган махфий ҳужжатига таяниб ёзмоқда.
Унга кўра, Саудия шаҳзодаси «энди АҚШ маъмурияти билан ишламаслигини» айтган ва «Вашингтон учун жиддий иқтисодий оқибатлар» тўғрисида ваъда қилган. Муҳаммад бин Салмон ўтган йилнинг кузида Саудия Арабистони бензин нархи ошиши фонида нефть қазиб олишни қисқартириш қарори «оқибатлар келтириб чиқариши»ни айтган АҚШ президенти Жо Байденнинг сўзларига шундай муносабат билдирди, деб ёзади WP.
Шаҳзоданинг таҳдиди тўғридан тўғри АҚШ расмийларига етказилганми ёки АҚШ разведкаси томонидан аниқланганми, ҳозирча номаълум. Бироқ, саккиз ой давомида Байден ўз таҳдидини амалга оширмади, Муҳаммад бин Салмон эса Америка расмийлари билан алоқалардан воз кечмади. Масалан, 8 июнь, пайшанба куни валиаҳд шаҳзода АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан Саудиянинг денгиз соҳилидаги Жидда шаҳрида учрашди, дея таъкидлади WP.



